Таъминот занжири эволюцияси: 4 босқич ва ривожланиш стратегияси

Ҳар бир корхонанинг таъминот занжири тузилмаси ўзига хос бўлади. Лекин уларнинг барчаси барқарор таъминот оқимини таъминлашга ва харажатларни камайтириш учун ҳаракат қилишади. Хўш, таъминот занжири бошқаруви қандай ривожланган? Келинг, унинг эволюциясининг тўрт босқичини кўриб чиқамиз.
1-босқич: Бир неча дисфункцияли корхона
Бу босқичда ташкилотда интизомли бошқарув етишмайди ва ташқи алоқалар кучсиз бўлади. Реактив таъминот занжири харажатларга унчалик эътибор бермасдан талабни қондиради. 1-чизма ахборот оқимларининг ёки потенциал ҳамкорлар ўртасидаги мустаҳкам муносабатларнинг йўқлигини кўрсатади.
Бу реактив таъминот занжири бўлиб, у харажатларни кўп ҳисобга олмасдан харидорларни талабини қондиради, харажат маркази (cost center) сифатида қабул қилинади ва бозорда рақобатбардош бўлиш учун қўлланиладиган технологияларга минимал муҳтож бўлади.
Дисфункционал корхоналарда одатда қуйидагиларни кузатса бўлади:
- Ички фаолиятлар кўпроқ режага кўра эмас, балки импульсив тарзда амалга оширилади.
- Раҳбарият ташкилот миссиясини ходимларга фақат энг умумий маънода тушунтиради.
- Савдо-сотиқ прогнозлари кўпинча тахминларга асосланган бўлади.
- Маҳсулотни дизайн қилиш жараёни ишлаб чиқариш ёки маркетинг каби фойдали фикр-ғоя олиш мумкин бўлган бошқа соҳалардан маслаҳат олинмасдан лойиҳаланади.
- Корхона омборлари бозорларга яқин жойлашган, катта сотувни кутиб, ортиқча захиралар билан тўлдирилган бўлади. Улар кўпинча малакаси юқори бўлмаган ва қўл меҳнати билан ишлайдиган ходимлар билан таъминланган бўлади.
- Юк машиналари ёки поездлар етиб келганидагина товарлар улардан туширилади, фақат буюртма келгандагина уларга ортилади. Иккала ҳолда ҳам олдиндан огоҳлантиришлар кузатилмайди.
- Тўловлар ва материал оқимлари мавжуд бўлишлари мумкин, лекин тўловларни йиғиш қониқарсиз аҳволда бўлиши мумкин. Ахборот алмашиш кўпроқ ички буюртмалар бериш, таклифларни қабул қилиш ва ҳисоб-фактураларни юбориш асосида амалга оширилади.
- Хомашё эҳтиёжларини режалаштириш бошланғич даражада, хомашё рўйхати, ишлаб чиқариш жадвали ва жорий мавжуд бўлган буюртмалар асосида йиғилган маълумотлар билан амалга оширилади.
2-босқич: Ярим функционал корхона
Бу босқичда корхонада ахборот оқими яхшиланган ва функционал соҳалар аниқланган бўлади (2-чизма). Лекин улар қиймат яратишнинг энг самарали усуллари устида ҳамкорлик қилмасдан, ўз функцияларини кетма-кет бажаришга мойил бўлади. Ушбу босқичда харидорлар ва етказиб берувчилар билан шериклик муносабатлари мавжуд бўлмайди.

Бу реактив самарали таъминот занжирига мисол бўлиши мумкин:
- Самарали, кам харажатли ва интеграциялашган бўлимлари орқали корхонанинг бозордаги рақобатдош позициялашни қўллаб-қувватлайди.
- Тайёр маҳсулотларнинг етказиб бериладиган умумий нархига нисбатан самарадорлик ва харажатларни бошқаришга эътибор қаратади.
- Меҳнат харажатларини камайтириш, унумдорликни ошириш ва жараёнларни автоматлаштириш учун IT технологияларга ва янги ускуналарга катта аҳамият беради.
Таъминот занжири эволюциясининг бу иккинчи босқичида корхона муайян функционал соҳаларда самарадорлик, тежамкорлик ва сифатни яхшилаш учун ташаббусларини амалга оширади. Масалан:
- Омборхона бошқаруви жамоаси корхонанинг ўз объектларидаги маҳсулот захиралари даражасини камайтириш йўлларини топиши мумкин.
- Омборлардаги асосан қўл кучи билан амалга ошираладиган операциялар автоматик ускуналар қўшилиши орқали кучайтирилиши мумкин.
- Харид қилиш бўлими янги харид стратегияларидан фойдаланиб, таъминот хом-ашё товарларни ва хизматларни имкон қадар паст нархларда сотиб олиш имкониятига эга бўлиши мумкин.
- Транспорт бўлими ташувчи транспорт турларини (авто, поезд, самолёт) ва йўналишларни стратегик танлаш орқали транспорт харажатларини камайтириши мумкин.
- Айрим бўлимлар самаралироқ амалий кўникмаларни ўргатадиган тренингларни жорий этишлари ва ишни қизиқарли қилиш стратегияларини ишлаб чиқиб қабул қилишлари мумкин.
- Маркетинг жамоаси ишончлироқ тадқиқот ва прогнозлаш усулларини ишлаб чиқиши мумкин.
- Ишлаб чиқариш ресурсларини режалаштириш (SAP ёки Oracle каби ERP тизимлар) дастурий таъминотларни корхонада ўрнатиб, унинг режалаштириш жараёнларининг бўлимлараро интеграциясига эришишлари мумкин.
3-босқич: Интеграциялашган корхона
Таъминот занжири эволюциясининг учинчи босқичида корхона алоҳида бошқарма бўлимлар ўрнига бутун ташкилот бўйлаб бизнес жараёнларига эътибор қарата бошлайди. Бу босқични белгилайдиган бир нечта асосий омиллар пайдо бўлади. Масалан, бунга ишлаб чиқариш ва корхона миқёсидаги дастурий таъминотнинг жорий этилиши, бўлим ва бошқармалараро алоқалар ва тренингларни кўпайиши, марказлаштирилган ва ишлатишга қулай маълумот базалари мавжудлиги, ва барча алоқадор бўлим вакиллари иштирок этадиган корхона операцияларини режалаштиришга мўлжалланган йиғилишларни ташкил этилиши киради.
Бу проактив самарали таъминот занжирига мисол бўла олади:
- Мураккаблик ва харажатларни камайтириш учун янги хомашё ёки маҳсулотлар дизайнини тавсия қилади.
- Самарадорликни ошириш учун маҳсулот дизайнига ўзгартиришларни киритишни тезлаштиради.
- Функционал бўлимлар бўйлаб маълумот алмашишни осонлаштириш учун интеграциялашган ахборот тизимларига сармоя киритади.
3-чизма функционал бўлимлар ўртасидаги ҳамкорлик ва корхона миқёсидаги корхона ресурсларини режалаштириш дастурий таъминоти орқали маълумот алмашиш билан боғланган ички таъминот занжирининг визуал тасвирини кўрсатади.

Ушбу босқич қуйидагиларга кўра олдинги босқичдан кескин фарқ қилади:
- Бизнес жараёнлар электрон почта, файл узатиш, маълумотлар базалари ва корхона миқёсидаги дастурий иловаларнинг кўпайиши билан осонлаштирилади. Бўлим ва бошқармалараро ҳамкорлик анча тезлашади ва осонлашади.
- Буюртмани етказиб берувчидан олиш, маҳсулотни яратиш ва уни истеъмолчига етказиб бериш учун кетадиган вақтни қисқартирадиган турли хил ташаббуслар амалга оширилади. Масалан, SAP ёки Oracle каби ERP тизимлар бутун ташкилотни бир-бирига боғлайди. Ташаббуслар корпоратив деворлардан ўтиб, таъминот занжиридаги етказиб берувчи ҳамкорларни бир-бирига боғлади.
- Баъзи компанияларда маҳсулот дизайни энди жамоа иши бўлиб, унда ишлаб чиқариш муҳандислари, логистлар ва маркетолог каби бошқа манфаатдор томонлар “маркетинг учун дизайн”, “логистика учун дизайн” ёки “атроф-муҳит учун дизайн” қилиш учун дизайнер билан ҳамкорлик қилишади. Ушбу ёндашув мижозларнинг истакларига мос келадиган ва жараёнлар, ускуналар ёки ходимлар таркибида қимматли ўзгаришлар киритмасдан ишлаб чиқаришга тайёр бўлган маҳсулотларни яратади.
- Бозорларни харидорларни тўғри сегментация қилиш ва ҳар бир сегмент учун мос келадиган янада самарали маҳсулот етказиб бериш йўлларини ишлаб чиқиш орқали истеъмолчилар талабини қондириш яхшиланади.
- Омборхона захиралари ўз вақтида кераклича тўлдирилади, савдо-сотиқда янада аниқ прогнозлар қўлланилади, ва такомиллаштирилган логистика фаолияти билан биргаликда харидорларга маҳсулотларни етказиб бериш янада самарали ва ишончли бўлади.
- Омборхоналар бошқаруви янада ривожланган ускуналар ва автоматизациядан фойда олади. Ушбу нуқтада корхона логистика хизматларини кўрсатишга ихтисослашган ташкилот билан шартнома тузиш орқали ташқи таъминот занжири аъзолари билан интеграцияга қараб қадамлар қўйиши мумкин.
4-босқич: Кенгайтирилган корхона
Бу босқичнинг асосий хусусияти - бизнес жараёнларини компания чегарасидан ташқарига чиқаришга қарор қилишидир (4-чизма). Яъни, компания етказиб берувчилари ёки харидорлари билан режалаштириш, дизайн, таъминот, ишлаб чиқариш, логистика ёки бошқа бизнес жараёнлар бўйича яқиндан ҳамкорлик қилади. Компания ўзининг ички тармоғини самарадорлик, маҳсулот ёки хизмат сифати ёки иккаласини ҳам ошириш учун танланган таъминот занжири ҳамкорларининг ички тармоқлари билан бирлаштиради. Бошланғич нуқта одатда тўлиқ тармоқлаштирилган корхонага йўл кўрсатадиган битта ички ёки ташқи ҳамкорликдир.

Бу стратегик йўл кўрсатувчи таъминот занжири ҳисобланади:
- Харидор талабини яратиш ва бажариш тўлиқ интеграциялашган бўлади.
- Таъминот занжири компаниянинг умумий стратегиясини ишлаб чиқишга ҳисса қўшади.
- Буюртмаларни сотувини прогнозлаш, режалаштириш ва етказиб бериш тўлиқ интеграциялашган ва шаффоф бўлади.
- Технологик такомиллаштиришлар, билимлар ва реал вақтдаги маълумотлар занжир ҳамкорлари билан баҳам кўрилади.
Ушбу босқичга хос бўлган мисоллар қуйида берилган:
- Харидорлар маҳсулот ёки хизматларга онлайн буюртма беришлари, жўнатмаларини онлайн кузатишлари ва етиб келганидан сўнг дарҳол мижозлар хизмати билан боғланишлари мумкин бўлган интерактив сайтлар каби электрон тижорат турлари пайдо бўлади.
- Таъминот занжиридаги етакчи ташкилот ва бир ёки бир нечта ҳамкорлари ўртасида дастлабки тадқиқот ҳамкорлиги мавжуд бўлади. Агар биринчи ҳамкорлик муваффақиятли бўлса, у икки тараф ўртасидаги янада тўлиқ такомиллашган муносабатларни вужудга келтириши мумкин. Ва бу муносабатлар таъминот занжиридаги бошқа ташкилотлар учун ҳамкорлик моделига айланиши мумкин.
- Жаҳон бозорида рақобат энди фақат алоҳида компаниялар ўртасида эмас, балки бутун таъминот занжирлари энди бутун дунё бўйлаб бир нечта мамлакатларда мижозлар, ишчилар ва капитал учун бир-бирлари билан курашишади. Компаниялар ўртасидаги ҳамкорлик таъминот занжирлари ўртасидаги рақобатнинг ажралмас қисмига айланади.
Баъзи жараёнлар, масалан, CPFR - Collaborative Planning, Forecasting and Replenishment (Ҳамкорликда Режалаштириш, Прогноз Қилиш ва Таъминлаш) бизнес концепцияси учун компанияда бўлим ва бошқармалараро ҳамкорликни талаб қилади. CPFR – бу таъминот занжирини самарадорлигини ва интеграциясини оширишга қаратилган бизнес концепцияси бўлиб, у таъминот занжиридаги ҳамкорлик амалиётларини қўллаб-қувватлаш ва фаолиятларни мувофиқлаштириш орқали амалга оширилади. CPFR ушбу мақсадларга эришиш учун таъминот занжиридаги турли шерик ва ҳамкорларнинг режалаштириш, прогноз қилиш ва маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштиради. Бу, иштирокчиларга маҳсулот талаби миқдорини аниқроқ прогноз қилиш, захира миқдорларини оптималлаштириш, етказиб бериш кетма-кетлигини яхшилаш ва истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш даражасини ошириш имконини беради. CPFR, шу билан бирга, ҳамкорлик қилиш маданиятини ривожлантириш ва таъминот занжиридаги маълумот алмашинувини яхшилаш орқали корхоналар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшади.
Таъминот занжирининг етуклиги компаниянинг рақобатбардошлиги ва муваффақияти учун жуда муҳим ҳисобланади. Компаниялар ўз таъминот занжирларидаги номувофиқликларни бартараф этишлари ва тўртинчи босқичга эришишга интилишлари керак. Бу жараёнда улар етказиб берувчилари ва харидорлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишлари ва интеграциялашган жараёнлар орқали самарадорлик ва қийматни оширишга эришишлари мумкин. IT технологиялар, айниқса SAP ёки Oracle каби ERP тизимлар ва CPFR каби интерфункционал ёндашувлар, ушбу эволюцияда етакловчи ролни ўйнашади. Охир-оқибат, мақсад - бутун ташкилот бўйлаб ва ташқи ҳамкорлар билан яхши интеграциялашган, мослашувчан ва самарали таъминот занжирини яратишдир.
Хўш, сиз қайси босқичдасиз? Таъминот занжирингизни такомиллаштиришга тайёрмисиз? Унда 4-босқич томон олдинга!

