Мундарижа

Резюме (CV) тузиш бўйича тўлиқ қўлланма: намуналар ва маслаҳатлар

Резюме иш қидирувчилар учун муҳим воситалардан биридир. Чунки у потенциал иш берувчиларга сизнинг иш тажрибангиз, маълумотингиз ва касбий кўникмаларингиз ҳақида қисқача маълумот беради. Шу билан бир қаторда, резюме сизнинг ютуқларингиз ва малакаларингизни намойиш қилиш ва нима учун эълон қилинган иш жойига энг муносиб эканлигизни кўрсатиш учун яна бир имкониятдир. Аммо ҳар хил турдаги резюмелар мавжуд бўлгани сабабли, бошида қаердан бошлаш сизга қийин туюлиши мумкин. Ушбу мақолада резюмелар ҳақида умумий маълумотлар ва қолган рақобатчи номзодлардан ажралиб туришингизга ёрдам берадиган фойдали маслаҳатлар берилади.

Резюме — бу шахснинг иш тажрибаси, маълумоти, малакаси ва алоқа маълумотларини ўз ичига олган қисқача ҳужжатдир. У баъзан “resume” ёки “CV” (curriculum vitae) деб ҳам аталади. Резюме кўпинча янги иш қидиришда ишга қабул қилувчи билан суҳбат (интервью) учун таклиф олиш мақсадида ишлатилади.

Резюмедаги маълумотлар аниқ, тушунарли ва ихчам бўлиши керак. Одатда резюме 1-2 саҳифадан ошмаслиги тавсия этилади. Академик соҳаларда эса кўпинча CV ишлатилади ва унинг ҳажми резюмега қараганда анча узунроқ бўлиши мумкин.

Резюмени тузишда одатда қуйидаги бўлимлар мавжуд бўлиши тавсия этилади:

  • Шахсий маълумотлар: исм-фамилия, яшаш манзили, e-mail ва телефон рақами
  • Таълим: ўқиган таълим муассасалари, мутахассислик ва даражалар
  • Иш тажрибаси: аввалги иш жойлари, лавозимлар, мажбуриятлар ва ютуқлар
  • Касбий кўникмалар: лавозим учун мос келадиган билим ва кўникмалар
  • Қўшимча маълумотлар: сертификатлар, мукофотлар, илмий ишлар ва ҳоказо

Шундай қилиб, резюме сизнинг касбий фаолиятингиз ҳақидаги муҳим маълумотларни ихчам шаклда тақдим этишга ёрдам беради ва ишга жойлашиш жараёнида муҳим рол ўйнайди.

Қизиқарли фактлар

Резюмелар ҳақида қизиқарли фактлар:

  • “Resume” сўзининг биринчи маълум қўлланилиши XVI асрга тўғри келади ва французча “resumer” сўзидан олинган бўлиб, “жамлаш” деган маънони англатади.
  • Ўртача иш берувчи резюмени кўриб чиқиш учун атиги олти сония вақт сарфлайди.
  • Ўртача резюмени ишга қабул қилувчи менежерга етгунча уч-беш киши ўқийди.

Бир нечта резюме турлари мавжуд, қайси маълумотларни урғулаш муҳимлигидан келиб чиққан ҳолда ўзингизга мос келадиганини қўллашингиз мумкин. Қуйида баъзи кенг қўлланиладиган турлари келтирилади:

1. Хронологик резюме: Ушбу турдаги резюмеда сизнинг иш тажрибангиз ва маълумотингиз ҳақидаги маълумотлар хронологик тарзда, яъни энг сўнгги иш жойингиздан бошлаб, энг биринчисигача санаб ўтилади. Агар сизда узоқ йиллик иш тажрибаси бўлиб, карьерангиздаги барқарор ўсишни урғуламоқчи бўлсангиз, ушбу формат айни муддао. Хронологик резюме кўпинча анъанавий ёндашув бўлиб, иш берувчилар орасида кенг тарқалган ва тушунарлидир.

2. Функционал резюме: Ушбу турдаги резюмеда асосий эътибор сизнинг касбий кўникмаларингиз ва ютуқларингизга қаратилади, иш тажрибангиз эса иккинчи даражали ҳисобланади. Агар иш тарихингизда узилишлар мавжуд бўлса ёки маълум бир касбий кўникмаларингизни урғуламоқчи бўлсангиз, ушбу форматдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Функционал резюме сизнинг қобилиятларингизни ва потенциалингизни кўрсатишга ёрдам беради, аммо баъзи иш берувчилар учун сизнинг аниқ иш тажрибангизни тушуниш қийин бўлиши мумкин.

3. Комбинацияланган резюме: Ушбу турдаги резюме хронологик ва функционал резюменинг хусусиятларини ўзида мужассам этади. Бунда сизнинг иш тажрибангиз ва маълумотингиз хронологик тарзда санаб ўтилади, шунингдек, алоҳида бўлимда касбий кўникмаларингиз ва ютуқларингиз ҳам таъкидлаб ўтилади. Комбинацияланган резюме сизга ўз тажрибангизни ҳам, кўникмаларингизни ҳам урғулаш имконини беради ва кўпчилик иш берувчилар учун тушунарли форматдир.

4. Мақсадланган резюме: Ушбу турдаги резюме муайян иш жойига мослаштирилган бўлади. Унда фақатгина шу лавозим учун мос келадиган касбий кўникмаларингиз ва тажрибаларингиз урғуланади ҳамда ўтмишда ушбу кўникмалардан қандай фойдаланганингизнинг аниқ мисоллари келтирилади. Мақсадли резюме сизнинг шу иш учун қанчалик мос эканлигингизни кўрсатишга ёрдам беради, аммо ҳар бир ариза учун резюмени қайта кўриб чиқиш ва мослаштиришни талаб қилади.

Самарали резюме тузиш учун қуйидаги босқичларни амалга ошириш тавсия этилади:

  1. Маълумотларни тўплаш: резюмега киритиш учун барча керакли маълумотларни, жумладан, иш тажрибаси, маълумоти, касбий кўникмалари ва ютуқларингизни тўпланг.

  2. Таркибини тузиш: резюменинг таркибий қисмларини белгиланг ва уларни мантиқий кетма-кетликда жойлаштиринг. Одатда, резюме шахсий маълумотлар, иш тажрибаси, маълумоти, касбий кўникмалар ва қўшимча маълумотлар каби бўлимларни ўз ичига олади.

  3. Таҳрирлаш: резюмени ёзиб бўлгач, уни диққат билан ўқиб чиқинг ва имло, грамматик ва услубий хатоларни тузатинг. Шунингдек, резюмени ихчам ва ўқиш осон бўлишига эътибор беринг.

  4. Мослаш: резюмени муайян иш жойига мослаштиринг. Бунинг учун иш тавсифидан фойдаланиб, айнан шу лавозим учун муҳим бўлган касбий кўникмалар ва тажрибаларингизни урғуланг.

Резюме қуйидаги асосий бўлимларни ўз ичига олади:

  • Шахсий маълумотлар: исм-фамилиянгиз, алоқа маълумотларингиз (телефон рақами, электрон почта манзили) ва яшаш манзилингиз (шаҳар номи).
  • Иш тажрибаси: аввалги иш жойларингиз, лавозимларингиз, ишлаган даврингиз ва асосий мажбуриятларингиз ҳамда эришган ютуқларингиз.
  • Маълумоти: ўқиган ўқув муассасаларингиз, мутахассислигингиз ва олинган даражангиз (бакалавр, магистр ва ҳоказо).
  • Касбий кўникмалар: лавозим учун мос келадиган касбий кўникмаларингиз ва билимларингиз.
  • Қўшимча маълумотлар: чет тилларини билиш даражангиз, компьютер саводхонлигингиз, сертификатлар, мукофотлар ва ҳоказо.

Резюме тузишда қуйидаги стандарт бўлимлар кетма-кетлигидан фойдаланиш мумкин:

  • Алоқа маълумотлари: Бу сизнинг исмингиз, телефон рақамингиз ва электрон почта манзилингизни ўз ичига олиши керак.
  • Карьерангиз ҳақида қисқача маълумот (ихтиёрий): бу бўлим рўйхат шаклида (bullet points) ёки бир абзац матн шаклида берилиши, унда сизнинг касбингиз ва янги ишга мос келадиган кўникмалар ва тажрибаларингиз ҳақида маълумот беришингиз мумкин. Масалан, “16 йиллик бир нечта саноат ташкилотларида аудит соҳасида меҳнат тажрибасига эга бўлган ҳисобчи, Westminster Университетида “Бизнес бошқаруви” магистр программасини битирган, ACCA халқаро сертификатига эга.”
  • Иш тажрибаси: бу бўлимда олдинги иш жойингизни охирги лавозимингиздан бошлаб тескари хронологик тартибда санаб ўтиш керак. Иш берувчиларнинг номлари, лавозимлар ва ишлаган муддат саналари киритилади. Агар узоқ йиллар ишлаган бўлсангиз, одатда охирги 5-10 йилни қамровчи меҳнат тафсилотлари кўрсатилади.
  • Ўқиш жойлари: бу бўлимда олинган таълим, жумладан, муассаса номи, олган илмий даражангиз ва соҳа йўналиши ва ўқиш муддати саналари берилади. Агар яқинда карьерангизни бошлаган бўлсангиз, унда резюмедаги таълим бўлими иш тажрибаси бўлимидан олдин келиши тавсия қилинади.
  • Касбий кўникмалар ва сертификатлар: бу бўлимда янги ишга мос бўлган кўникмалар ва профессионал сертификатларни кўрсатиш мумкин. Масалан, чет тиллари, компьютерда дастурлаш тиллари, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва ҳоказо.
  • Шахсий маълумотлар: туғилган йил, яшаш манзили (шаҳар номи), оилавий аҳвол, виза статуси каби маълумотлар кўрсатилади. Агар расм сўралмаган бўлса, уни қўшиш шарт эмас. Муайян тажрибангиз ва мурожаат этаётган ишингизга қараб, бошқа бўлимларни, масалан, волонтёрлик меҳнати, касбий ассоциациялар, мукофотлар ва унвонлар, илмий мақолалар, қизиқиш ва ҳоббилар бўйича бўлимларни қўшиш ҳам мумкин. Аммо улар ишга бевосита алоқадор бўлмаса, уларни қўшмаслик керак.

Эффектив резюме яратиш учун баъзи фойдали маслаҳатлар:

  • Резюмени топширилаётган иш ёки соҳага мослаштиринг. Яъни, янги иш учун энг мос бўлган касбий кўникмалар ва тажрибаларни кўрсатилиши керак. Имкон бўлса, ҳар бир топширалаётган ишга резюмени мослаш керак. Қайси тажриба ва кўникмаларни урғулаш кераклигини аниқлаш учун иш эълонидан қўлланма сифатида фойдалансангиз бўлади.
  • Аниқ ва ихчам форматдан фойдаланинг. Резюмени ўқиган одамга уни ўқиш ва ундан фойдаланиш осон бўлиши керак. Тажрибангиз ва кўникмаларингизни кўрсатиш учун нуқтали янги қаторлардан (ингл. тилида “bullet points”) ва қисқа иборалардан фойдаланинг. Шу билан бирга, резюмеингизга кераксиз ёки аҳамиятсиз маълумотларни киритманг.
  • Ҳаракат феълларидан фойдаланинг. Лавозим масъулиятлари ва натижаларини кўрсатиш учун актив феълларни қўллаш муҳим ҳисобланади. Масалан, “Мен жамоани бошқариш учун масъул эдим” дейиш ўрнига, “12 та ходимдан иборат жамоани бошқардим” деб ифодалаш мумкин.
  • Натижа ва ютуқларингизни урғулаш учун рақамлардан фойдаланинг. Ишингизнинг таъсирини кўрсатиш учун иложи борича рақамлардан фойдаланинг. Масалан, “Менинг лойиҳам орқали дефект маҳсулотлар камайтирилди” дейиш ўрнига, “Менинг лойиҳам орқали дефект маҳсулотлар 5% га камайтирилди” деб айтиш мумкин.
  • Имло ва грамматик хатолар йўқлигига ишонч ҳосил қилинг. Сизнинг резюмеингизни бошқа одам кўриб чиқиши ҳам яхши фикр. Қисқартма сўзлардан (аббревиатура) иложи борича камроқ ишлатилгани маъқул.
  • Профессионал электрон почта манзилидан фойдаланинг.kulchanon@mail.ru” каби шахсий электрон почта манзилларидан фойдаланиш ўрнига, резюмега “k.azimov@gmail.com” ёки “kozim.azimov@gmail.com” каби исмингизни ўз ичига олган профессионалроқ электрон почта манзилидан фойдаланишни тавсия қилинади.
  • Профессионал шрифтдан фойдаланинг. Arial, Calibri ёки Times New Roman каби ўқиш осон ва профессионал шрифтни танланг. Чиройли ёки декоратив шрифтлардан сақланинг, чунки иш берувчига уларни ўқиш қийин ва профессионал кўринмаслиги мумкин.
  • Резюмени битта саҳифада сақланг. Умуман олганда, резюмени битта саҳифада сақлаш тавсия қилинади. Айниқса, агар сиз карьерангизни эндигина бошлаётган бўлсангиз. Агар сизда узоқ йиллик иш тажрибаси бўлса, унда икки саҳифали резюмедан фойдаланишингиз керак бўлиши мумкин.

Ишга бевосита алоқадор бўлмаган шахсий маълумотлар резюмега қўшилмайди. Қуйида баъзи мисоллар берилади:

  • Аниқ турар жой адреси, туғилган санаси ва иш билан бевосита боғлиқ бўлмаган бошқа шахсий маълумотлар. Лекин турар шаҳри ва туғилган йилни ўзини билдириш учун кўрсатиш мумкин.
  • Соғлиғи ҳақида маълумотлар. Агар соғлиқни ишга таъсир бўлса, буни иш суҳбати давомида билдириш мумкин.
  • Иш маоши тарихи. Ҳозирги ёки олдинги лавозимдаги маош кейинги янги лавозимга алоқаси йўқ. Сабаби, худди шу ишга бошқа шаҳар ёки компанияда бошқа маош бўлиши мумкин. Иш берувчилар номзодларни калибровка қилиш ёки иш ўрнига ажратилган бюджетга мос келишини текшириш учун биринчи суҳбат давомида номзодлардан сўрашлари мумкин. Ёки номзод ўзи қидираётган иш маош диапазонига мос келишини билиши учун биринчи суҳбатда сўраб аниқлаши мумкин. Чунки иккала тарафдан анча вақт, маблағ ва куч кетказиб бир нечта суҳбатлардан кейин номзод кейинроқ иш маоши кутилгандан бошқалигини билиб қолса ёки бошқа сабабли иш таклифини рад қилиб қолса, бу иккала тарафга ҳам ёқмайди.
  • Ёлғон ёки муболағалар: резюмеда берилган маълумотлар рост ва аниқ бўлиши жуда муҳим, чунки ҳар қандай ёлғон маълумот ишга қабул қилиш жараёнида ёки кейинроқ топилиши ва сизнинг обрўйингизга путур етказиши, ва ҳатто ишни йўқотилишига ҳам олиб келиши мумкин.
  • Ноўрин расм ёки график тасвирлар: резюме профессионал бўлиши ва фақат сизнинг малакангиз ва тажрибангизга эътибор қаратиши керак. Аҳамиятсиз ёки профессионал бўлмаган ҳар қандай расм ёки график тасвирлар номзод кўрсатмоқчи бўлган яхши таассуротни бузиши ва ишга кириш имкониятига путур етказиши мумкин.
  • Ишга алоқаси бўлмаган шахсий қизиқишлар ёки севимли машғулотлар.

Резюмени электрон тарзда юборишда қуйидаги қоидаларга амал қилиш керак:

  • Мавзуни аниқ ёзинг: e-mail мавзусида лавозим номини ва ўзингизнинг исм-фамилиянгизни кўрсатинг. Масалан, “Маркетинг менежери лавозими учун резюме - Алишер Усмонов”.
  • Мурожаат хатини ёзинг: e-mailнинг асосий қисмида қисқача мурожаат хатини ёзинг. Унда қайси лавозимга мурожаат қилаётганингизни ва нима учун айнан сиз ушбу лавозимга мос келишингизни тушунтиринг.
  • Резюмени бириктиринг: резюмени e-mailга бириктиринг (attachment). Файл номида ўзингизнинг исм-фамилиянгизни ва “резюме” сўзини кўрсатинг. Масалан, “Alisher_Usmonov_rezyume.pdf”.
  • Текшириб олинг: e-mailни юборишдан аввал уни диққат билан ўқиб чиқинг ва барча хатоларни тузатинг. Шунингдек, резюменинг тўғри файлини бириктирганингизга ишонч ҳосил қилинг.

Хулоса ўрнига шуни айтиш мумкинки, резюме сизнинг касбий “визит картангиз” бўлиб, уни тузишда мазкур маслаҳатларни инобатга олсангиз, иш топишда катта ёрдам беради. Бироқ, ёдда тутингки, резюме интервьюга таклиф қилинишингиз учун фақатгина биринчи қадамдир. Интервьюнинг ўзида эса ўзингизнинг лаёқатли ва муносиб номзод эканлигингизни исботлаб, иш берувчини ишонтиришингиз талаб этилади.

Телеграм канал
Агар ушбу мақола сизга фойдали бўлган бўлса, уни ҳамкасбларингиз ва дўстларингиз билан улашинг. Тежамкор ишлаб чиқариш, лойиҳа бошқаруви, таъминот занжирлари, самарадорлик ва шахсий ривожланиш мавзуларида кўпроқ маълумот олиш учун бизнинг “Микроблог” Телеграм каналимизга аъзо бўлинг.

Резюме намуналари Интернетда жуда кўп, уларни Google орқали қидириб топиш мумкин. Масалан, Microsoftни каталогидан инглизчада ёки русчада ўзингизга ёққан дизайнни танлаб юклаб олсангиз бўлади.

Таъминот занжири соҳасидан резюме намунаси (кўриш учун ушбу матнни босинг)

Бекзод Юсупов

Манзил: Тошкент, Ўзбекистон Телефон: (998) 91 234 5678 Электрон почта: bekzod.yusupov@email.com

Иш тажрибаси:

Таъминот занжири менежери AgroBiznes компанияси, Тошкент, Ўзбекистон 2014 йил март - ҳозирги кун

  • Етказиб берувчилар билан самарали музокаралар олиб бориш ва бошқариш орқали харид харажатлари 15 фоизга камайтирилди.
  • Янги логистика жараёнларини жорий этиш ва ташувчилар ва етказиб берувчилар билан яқин ҳамкорлик қилиш орқали етказиб бериш ишончлилиги 25 фоизга яхшиланди.
  • Таъминот занжири бўйича 10 нафар мутахассислардан иборат жамоани бошқарганман, иш самарадорлиги ва ишдан қониқишни ошириш учун уларга мураббийлик қилганман.

Харид бўйича мутахассис Green Petroleum компанияси, Тошкент, Ўзбекистон 2010 йил июл - 2014 йил февраль

  • Йирик нефт-газ компанияси учун хом ашё, асбоб-ускуналар ва хизматларнинг ишончли ва тежамкор таъминотини таъминлаш бўйича манбаларни қидириш ишларини олиб борганман.
  • Мунтазам мониторинг ва самарадорликни бошқариш орқали етказиб берувчиларнинг ишлаши 30% га яхшиланди.
  • Янги харид жараёнлари ва тизимлари жорий этилди, натижада самарадорлик ва аниқлик 20% яхшиланди.

Кўникмалар:

  • Харид қилиш ва манбаларни аниқлаш
  • Логистика ва транспорт
  • Инвентаризацияни бошқариш
  • Етказиб берувчилар билан муносабатларни бошқариш
  • Шартнома бўйича музокаралар ва бошқарув
  • Етакчилик ва жамоани бошқариш

Таълим:

Бизнес бошқаруви магистри (таъминот занжири бошқаруви) Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети, Ўзбекистон 2008 йил сентябрь - 2010 йил май

Бизнес бошқаруви бакалаври (логистика) Тошкент Транспорт ва Коммуникациялар Институти, Ўзбекистон 2004 йил сентябрь - 2008 йил май

Сертификатлар:

  • Сертификатланган таъминот занжири мутахассиси (CSCP)
  • Сертификатланган сотиб олиш менежери (CPM)

Тил:

  • Ўзбек тили (она тил)
  • Рус тили (равон)
  • Инглиз тили (ўрта)
Юридик соҳасидан резюме намунаси (кўриш учун ушбу матнни босинг)

Дилноза Ҳакимова

Манзил: Тошкент, Ўзбекистон Телефон: (998) 97 123 4567 Электрон почта: dilnoza.khakimova@email.com

Иш тажрибаси:

Катта юридик маслаҳатчи UZ-Legal компанияси, Тошкент, Ўзбекистон 2016 йил июнь - ҳозирги кун

  • Мижозларга тижорат ҳуқуқининг кенг доирадаги масалалари, жумладан, шартномалар бўйича музокаралар олиб бориш, низоларни ҳал этиш ва меъёрий ҳужжатларга риоя қилиш бўйича юридик маслаҳат ва кўрсатмалар берганман.
  • Тижорат низоларининг 90% самарали музокаралар, воситачилик ва арбитраж орқали муваффақиятли ҳал қилинди.
  • Кичик юристларга мураббийлик қилганман, уларнинг ҳуқуқий тадқиқотлари ва ёзиш кўникмаларини 30% га оширди.

Юридик ходим Ўзбекистон Марказий Банки, Тошкент, Ўзбекистон 2012 йил сентябрь - 2016 йил май

  • Молиявий тартибга солиш ва банк операциялари билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар бўйича юқори раҳбариятга маслаҳатлар берганман.
  • Ўзбекистон банк қонунчилиги ва қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича тартибларни ишлаб чиқиб, уларни амалга оширганман.
  • 70% ҳолларда банк манфаатларини суд жараёнларида муваффақиятли ҳимоя қилганман.
  • Ҳуқуқий жараёнларни тартибга солиш ва ишларни бажариш муддатини 25 фоизга қисқартириш ҳисобига юридик бўлим фаолияти самарадорлиги оширилди.

Кўникмалар:

  • Тижорат қонунчилиги ва тартибга солиш
  • Шартнома бўйича музокаралар ва низоларни ҳал қилиш
  • Ҳуқуқий тадқиқотлар ва ёзиш
  • Суд процессида вакиллик қилиш
  • Менторлик ва тренинг
  • Мулоқот ва шахслараро муносабатлар

Таълим:

Қонунлар магистри (тижорат ҳуқуқи) Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия Университети, Тошкент, Ўзбекистон 2009 йил сентябрь - 2012 йил май

Ҳуқуқ фанлари бакалаври Тошкент Давлат Юридик Институти, Ўзбекистон 2006 йил сентябрь - 2009 йил май

Сертификатлар:

  • Ўзбекистон адвокатлар ассоциацияси
  • Сертификатланган юридик ижрочи

Тил:

  • Ўзбек тили (она тил)
  • Рус тили (равон)
  • Инглиз тили (ўрта)
Молия соҳасидан резюме намунаси (кўриш учун ушбу матнни босинг)

Жаҳонгир Тургунов

Манзил: Самарқанд, Ўзбекистон Телефон: (998) 91 123 4567 Электрон почта: feruza.ismailova@email.com

Иш тажрибаси:

Молия директори Touristic Finance компанияси, Самарқанд, Ўзбекистон 2018 йил январь - ҳозирги кун

  • Даромадларни 15 фоизга ошириш ва харажатларни 10 фоизга қисқартириш бўйича комплекс молиявий стратегиялар ишлаб чиқилди ва амалга оширилди.
  • Юқори раҳбарият ва манфаатдор томонларга молиявий кўрсаткичлар бўйича маслаҳатлар ва ҳисоботлар тақдим этилди.
  • Аниқлик ва маҳаллий норматив ҳужжатлар ва бухгалтерия стандартларига мувофиқлигини таъминлашга молиявий ҳисоботни бошқарилган.
  • Кичик молия ходимларининг малака ва билимларини ошириш учун молиявий етакчилик, мураббийлик ва тренинглар ташкил этилган.

Молиявий таҳлилчи KDB Bank, Бухоро, Ўзбекистон 2012 йил сентябрь - 2017 йил декабрь

  • Бизнес қарорларини қабул қилишни қўллаб-қувватлаш учун молиявий таҳлил, прогнозлаш ва бюджетлаштиришни ўтказилди.
  • Маълумотларни таҳлил қилишда аниқлик ва изчилликни таъминловчи молиявий моделлар ишлаб чиқилди.
  • Корхона бўлинмаларига молиявий кўрсаткичларни оптималлаштиришга ёрдам берадиган молиявий маслаҳат ва тавсиялар берди.
  • Молиявий ҳисобот жараёнларини такомиллаштириш, хатоларни камайтириш ва самарадорликни 20% га оширилди.

Кўникмалар:

  • Молиявий бошқарув ва таҳлил
  • Бюджетлаштириш ва прогнозлаш
  • Молиявий ҳисобот ва мувофиқлик
  • Бизнес стратегиясини ишлаб чиқиш
  • Етакчилик ва мураббийлик

Таълим:

Бизнес бошқаруви магистри (молия) Тошкент Давлат Миллий Университети, Ўзбекистон 2009 йил сентябрь - 2012 йил май

Бизнес бошқаруви бакалаври (молия) Самарқанд Давлат Университети, Ўзбекистон 2006 йил сентябрь - 2009 йил май

Сертификатлар:

  • Молиявий таҳлилчи
  • Сертификатланган бухгалтер

Тил:

  • Ўзбек тили (она тил)
  • Рус тили (равон)
  • Инглиз тили (ўрта)

Искандар Махмудов

Искандар Махмудов

🔧 Саноат муҳандиси ва консультант | 💼 15+ йиллик халқаро тажриба | 📈 Бизнес самарадорлиги | 🌐 https://makhmudov.net | Telegram: @leanuz