Мундарижа

Мундарижа

Mars Climate Orbiter ҳалокати: Лойиҳа бошқаруви учун 5 та сабоқ

Мундарижа

1998 йил 11 декабрда NASA ва Lockheed Martin компанияси Mars Climate Orbiter (MCO) космик аппаратини учирди. Ушбу миссиянинг асосий мақсади Марснинг иқлими ва атмосферасини ўрганиш, шунингдек, Mars Polar Lander учун алоқа воситаси сифатида хизмат қилиш эди. Бироқ, 1999 йил 23 сентябрда, космик аппарат Марсга яқинлашганида у билан алоқа узилиб қолди. Кейинчалик, у сайёрага мўлжалланган орбитадан пастроқда учиб ўтиб, атмосферада ёниб кетгани маълум бўлди.

Бу муваффақиятсизликнинг сабаби лойиҳа жамоаларида икки хил ўлчов тизимининг ишлатилгани аниқланди. NASA SI метрик тизими ўлчов бирликларидан фойдаланган бўлса, Lockheed Martin муҳандислари АҚШнинг анъанавий ўлчов тизими ўлчов бирликларидан фойдаланишган экан. Натижада, космик аппаратнинг йўналиши нотўғри ҳисобланган ва бу хато миссиянинг йўқотилишига олиб келган. Бу тушунмовчилик нафақат 193 миллион долларлик маблағнинг йўқотилишига, балки йиллар давомида сарфланган меҳнат, вақт ва ресурсларнинг бекорга кетишига, шунингдек, Марсни ўрганиш борасидаги илмий ютуқларнинг ортга сурилишига олиб келди.

Mars Climate Orbiter космик аппарати йиғилиш жараёнида
Mars Climate Orbiter космик аппарати йиғилиш жараёнида

Ушбу воқеа лойиҳа бошқаруви соҳасида фаолият юритаётган ҳар жамоа аъзоси учун бир нечта муҳим сабоқларни ўз ичига олади:

  1. Самарали мулоқот: Лойиҳанинг барча иштирокчилари ўртасида самарали мулоқотни таъминлаш муваффақиятнинг калити ҳисобланади. Шунинг учун лойиҳа иштирокчилари ўртасида маълумотларни мунтазам алмашишни таъминлаш ва очиқ мулоқотни рағбатлантириш керак. Масалан, мулоқот учун MS Outlook/Teams/SharePoint каби IT тизимлардан фойдаланиш, лойиҳа ҳужжатларини марказлаштирилган жойда сақлаш ва жамоалар билан мунтазам йиғилишлар ўтказиш мумкин. Лойиҳанинг мақсадлари, кутилаётган натижалари ва муҳим саналарини аниқ белгилаш ҳам муҳим рол ўйнайди.

  2. Стандартлаштириш: Лойиҳанинг барча босқичларида стандартларни жорий қилиш ва уларга риоя қилиш бизнеснинг энг яхши амалиётларига киради. Лойиҳанинг ҳужжатлаштириш, дастур кодини ёзиш ва ўлчов тизимлари каби турли соҳаларида стандартларни белгилаш ва қўллаш керак. Масалан, лойиҳанинг барча босқичлари учун стандарт ҳужжатлаштириш шаблонларини яратиш, кодлаш стандартларини белгилаш ва уларга қатъий риоя қилиш, ҳамда ўлчов бирликларини стандартлаштириш ва бутун лойиҳа давомида фақат бир хил тизимдан фойдаланиш лойиҳа иштирокчилари учун фойдали бўлади. Натижада, стандартларнинг изчил қўлланилиши хатолар ва тушунмовчиликларнинг олдини олишга ёрдам беради.

  3. Рискларни бошқариш: Лойиҳанинг бошида потенциал хавф-хатарларни аниқлаш учун риск таҳлилини ўтказиш ва уларни камайтириш ёки бартараф этиш учун аниқ режалар ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Хатарларни мунтазам равишда кузатиб бориш ва янги хатарлар пайдо бўлиши билан режаларни янгилаш керак. Рискларни бошқариш жараёнини лойиҳанинг барча босқичларига татбиқ этиш ва лойиҳа иштирокчиларини улар ҳақида хабардор қилиш керак бўлади.

  4. Сифат назорати: Лойиҳанинг барча босқичларида сифатни текшириш учун назорат нуқталарини белгилаш ва сифатни таъминлаш жараёнларини жорий қилиш керак. Мисол учун, коднинг сифатини текшириш учун мунтазам равишда жамоа билан дастур кодини бирга кўриб чиқиш, автоматлаштирилган тестлардан фойдаланиш ва ҳар бир янги функция ёки тузатишни синаб кўриш мумкин. Бу хатоларни эрта аниқлаш ва тузатиш имконини беради, бу эса лойиҳанинг умумий муваффақиятига ижобий таъсир кўрсатади.

  5. Маданиятлараро ҳамкорлик: Глобал лойиҳаларда турли маданий келиб чиқишга эга инсонлар билан ишлашда маданиятлараро тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун жамоанинг хилма-хиллигини бошқариш ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш керак. Лойиҳа иштирокчиларининг маданий хилма-хиллигини ҳурмат қилиш ва қадрлаш, маданий фарқлар ҳақида очиқ мулоқотни рағбатлантириш ва жамоанинг барча аъзолари ўзларини қабул қилинган ва қадрланганлигини ҳис қилишлари учун инклюзив муҳитни яратиш тавсия этилади.

Mars Climate Orbiter акустик синовдан ўтказилаётганда
Mars Climate Orbiter акустик синовдан ўтказилаётганда

Mars Climate Orbiter аппарати миссиясининг муваффақиятсизлиги лойиҳа бошқаруви соҳасида ишлайдиган ҳар бир киши учун муҳим сабоқларни ўз ичига олади. Самарали мулоқот, стандартлаштириш, рискларни бошқариш, сифат назорати ва маданиятлараро ҳамкорликка эътибор бериш лойиҳанинг муваффақиятли якунланишини таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Мазкур сабоқларни лойиҳа бошқарувининг турли соҳаларига татбиқ этиш орқали сиз ўз жамоангизни янада самаралироқ бошқаришингиз ва муваффақиятли натижаларга эришишингиз мумкин.

Телеграм канал
Агар ушбу мақола сизга фойдали бўлган бўлса, уни ҳамкасбларингиз ва дўстларингиз билан улашинг. Тежамкор ишлаб чиқариш, лойиҳа бошқаруви, таъминот занжирлари, самарадорлик ва шахсий ривожланиш мавзуларида кўпроқ маълумот олиш учун бизнинг “Микроблог” Телеграм каналимизга аъзо бўлинг.

Искандар Махмудов

Искандар Махмудов

🔧 Саноат муҳандиси ва консультант | 💼 15+ йиллик халқаро тажриба | 📈 Бизнес самарадорлиги | 🌐 https://makhmudov.net | Telegram: @leanuz