Ишлаб чиқариш самарадорлиги: Асосий KPI кўрсаткичлари бўйича тўлиқ қўлланма

Ишлаб чиқариш мураккаб ва доимий ривожланиб борувчи фаолият тури бўлиб, ундаги муваффақият ишлаб чиқариш самарадорлигидан тортиб то мижозлар эҳтиёжини қондиришгача бўлган кўплаб омилларга боғлиқ. Бозорда рақобатчилардан устунликка эришиш ва даромадни ошириш учун ишлаб чиқарувчилар ўзларининг бизнес самарадорлигини оширадиган асосий KPI кўрсаткичларни (инглизчадан Key Performance Indicators — Асосий Самарадорлик Кўрсаткичлари) яхши тушунишлари жуда муҳимдир. Лекин қаердан бошлаш керак?
Ушбу кенг қамровли қўлланмада биз ишлаб чиқарувчилар томонидан қўлланиладиган цикл вақти ва унумдорликдан тортиб, соф фойда маржаси ва Net Promoter рейтинги каби энг асосий KPI кўрсаткичлари билан танишамиз. Биз ушбу кўрсаткичлар сизнинг операцион фаолиятингизга қандай таъсир қилишини кўриб чиқамиз ва уларнинг аҳамиятини яхшироқ тушунишингизга ёрдам бериш учун ҳаётий мисолларни ва қўшимча қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз. Тажрибали мутахассис ёки эндигина касбий фаолиятни бошлаган талаба бўлишингиздан қатъий назар, бу қўлланма сизга ишлаб чиқариш муваффақияти сирларини очиш учун керакли воситаларни беради. Шундай қилиб, кетдик!
Ишлаб чиқариш самарадорлиги
Цикл вақти, унумдорлик ва сифатли маҳсулот ҳажми ишлаб чиқариш самарадорлигини ўлчайдиган учта асосий кўрсаткичлар ҳисобланади. Ишлаб чиқарувчилар ушбу кўрсаткичларни кузатиш орқали такомиллаштириш зарур бўлган жойларни аниқлаб, керакли ўзгартиришларни киритган ҳолда самарадорлик ва унумдорликни оширишлари мумкин.
Цикл вақти (cycle time) — ишлаб чиқариш жараёнининг бир циклини бошидан охиригача бажариш учун кетадиган вақт ҳисобланади. Мисол учун, автомобил ишлаб чиқарувчи компанияда битта автомобил ишлаб чиқариш учун 3 дақиқа вақт кетадиган автомобил йиғув линияси мавжуд. Улар буни ҳар бир ишлаб чиқарилган автомобил учун кетган цикл вақтни ўлчаш ва бу кўрсаткични йиғиш линияси учун умумлаштириб, ўртача цикл вақтини 3 дақиқа деб топадилар. Бир оз вақт ўтиб компания янги технологияни жорий қилиш орқали жараённи оптималлаштиришга қарор қилади ва ушбу ўзгаришлардан сўнг ўртача цикл вақти 2,5 дақиқагача камайгани аниқланади. Натижада, олдин ишлаб чиқариш линиясидан 30 дақиқада 10 та автомобил чиққан бўлса, энди худди шу вақт ичида кўпроқ маҳсулот (12 та автомобил) ишлаб чиқаришга эришилади.
Унумдорлик (throughput) — вақт бирлигида ишлаб чиқарилган маҳсулот сони билан ўлчанади. Масалан, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси кунига 1000 дона маҳсулот ишлаб чиқаради. Улар унумдорлик кўрсаткичини ўлчаганларида, унинг сони кунига 1000 дона деб топадилар. Кейинчалик ишлаб чиқаришнинг айрим жараёнларини автоматлаштириш орқали самарадорликни оширишга қарор қилинади. Ушбу ўзгаришлардан сўнг, унумдорлик кунига 1200 донага ошгани аниқланади. Юқоридаги мисол каби, корхона энди бир хил вақт ичида кўпроқ маҳсулотни қайта ишлашга эришади. Бу эса ўз ўрнида корхона даромадини оширади.
Сифатли маҳсулот ҳажми (yield) — ишлаб чиқарилган сифатли маҳсулотларнинг умумий ишлаб чиқарилган маҳсулотларга нисбати бўлиб, фоизда ўлчанади. Яна бир мисол, яримўтказгич фабрикасида ҳафтасига 100 000 дона микрочип маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Улар сифатли маҳсулот ҳажмини ўлчаганларида 3 000 та маҳсулот нуқсонли (дефектли) эканлигини аниқланади. Шундай қилиб, сифатли маҳсулот ҳажм кўрсаткичи 97% ни ташкил қилади. Кейинроқ фабрикада маҳсулот сифатини назорат қилиш учун янги усулларни қўллаш амалга оширилади ва шу орқали дефектли маҳсулотлар сони камайтирилади. Натижада сифатли маҳсулот ҳажми кўрсаткичи 99% гача ошади.
Автомобил саноати ривожланишни энди бошлаган дастлабки кунларида битта автомобил ишлаб чиқариш учун 12 соат вақт керак бўларди. Ҳозирги кунда илғор технология ва автоматлаштириш сабабли ишлаб чиқариш линиясида битта автомобил учун бир неча дақиқа вақт кетади.
Дунёдаги энг тез маҳсулот йиғиш линияси Жанубий Кореядаги Samsung компаниясининг заводида мавжуд. Улар ҳар 5 сонияда янги телевизор йиғишлари мумкин.
Фермерлик оламида 100% ҳосилдорликка эришишнинг деярли имкони йўқ. Ҳатто идеал шароитларда ҳам баъзи экинлар зараркунандалар, касаллик ёки об-ҳаво туфайли нобуд бўладилар. Бироқ баъзи фермерлар “smart farming” (“ақлли фермерлик”, яъни қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган янги усуллар: сенсор ва дастурий таъминотлардан, сунъий йўлдош орқали олинган расмлардан, дрон орқали яратилган экинзор хариталаридан фойдаланиш ва ҳоказо) каби замонавий технологияларидан фойдаланган ҳолда жуда юқори ҳосилдорликка эриша олдилар.
Яна бир қизиқ факт, яримўтказгич саноатида сифатли маҳсулот ҳажми жуда муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Чунки у якуний маҳсулот таннархига ва ишлаб чиқариш ҳажмига бевосита таъсир қилади. Бошқача қилиб айтганда, юқори қийматли ушбу кўрсаткич харажатларнинг камайиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишини билдирса, паст қийматли кўрсаткич харажатлар ошиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишини англатади.
Ускунадан фойдаланиш
Ускунадан фойдаланишни ўлчаш учун иккита асосий кўрсаткичларни ишлатиш мумкин: ускунанинг ишлаш вақти ва умумий ускуна самарадорлиги. Ушбу кўрсаткичларни кузатиш орқали ишлаб чиқарувчилар ускуналар билан боғлиқ муаммоларни аниқлашлари, техник хизмат кўрсатишни яхшилашлари ва жиҳозларидан фойдаланишни оширишлари мумкин.
Ускунанинг ишлаш вақти (equipment uptime) — унинг ишлаган вақтининг мавжуд бўлган умумий вақтга нисбати орқали ўлчанади. Мисол учун, бутилкага ичимлик қадоқлаш корхонаси 24/7 ишлайдиган қуйиш линиясини бошқаради. Ходимлар ускунанинг ишлаш вақтини ўлчашганда, уни ўз максимал потенциалидан фақат 85% га ишлаётганини аниқлайдилар. Йиғилган тегишли маълумотларни таҳлил қилгандан сўнг, улар ишлаб чиқариш линиясининг ишламай туришига асосан ускуналарнинг ишдан чиқиши эканлиги маълум бўлади. Шунда корхона жамоаси техник хизмат кўрсатиш жадвалини яхшилашга ва потенциал носозликларни аниқлаш учун прогноз қиладиган техник дастурий таъминотга сармоя киритишга қарор қилишади. Ушбу ўзгаришларни амалга оширгандан сўнг, ускунанинг ишлаш вақти 92% гача ошади. Бу эса линия узоқроқ вақт давомида ишлаётганини ва кўпроқ қадоқланган тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни англатади.
Умумий ускуна самарадорлик кўрсаткичи (OEE - Overall Equipment Effectiveness) — бу яроқлик, унумдорлик ва сифат каби омилларни ҳисобга олган ҳолда жиҳозлардан қанчалик яхши фойдаланилаётганлигининг ўлчовидир. Ундан қандай фойдаланиш мумкинлиги ҳақида шу мавзуга оид алоҳида мақоладан керакли маълумотларни олиш мумкин. Амалда қўлланиши ҳақида қисқа бир мисол: тўқимачилик фабрикасида соатига 600 метр мато ишлаб чиқарадиган тўқув дастгоҳи мавжуд. Ишлаб чиқариш бўйича муҳандислар умумий ускуна самарадорлик кўрсаткичи (OEE) ни ўлчашганда, уни 70% эканлигини аниқлайдилар. Ҳар доимгидек, тегишли маълумотларни таҳлил қилгандан сўнг, муҳандислар OEE кўрсаткичининг паст бўлишининг асосий сабаблари секин қайта созлаш (қайта мослаш) ва ускуналарни ишламай қолиши эканлигини аниқлайдилар. Улар қайта созлаш тизимини ва профилактик хизмат кўрсатиш дастурини амалга оширишга қарор қилишади. Ушбу ўзгаришларни амалга оширгандан сўнг, умумий ускуна самарадорлик кўрсаткичи (OEE) 80% гача кўтарилади. Бу натижа орқали кўпроқ ва сифатли мато маҳсулотларини ишлаб чиқаришга эришилади.
Бир илмий тадқиқотга кўра, ускуналарнинг режалаштирилмасдан ишламай қолишлари ишлаб чиқарувчиларга соатига 50 000 долларга тушиши мумкин экан. Шунинг учун улар ускуналарнинг ишлаш вақти кўрсаткичини биринчи ўринга қўйишлари ва ишламай қолиш вақтини минималлаштириш стратегияларини амалга оширишлари мақсадга мувофиқ бўлади.
Яна бир бошқа илмий тадқиқотга кўра, умумий ускуна самарадорлик кўрсаткичини (OEE) 60% дан 85% гача ошириш орқали ишлаб чиқарувчи бир хил миқдордаги ресурслардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш ҳажмини 50% га ошириши мумкин экан. Бу самарадорлик ва унумдорликни оширишда умумий OEE кўрсаткичи қанчалик эффектив инструмент эканлигини кўрсатади.
Маҳсулот сифати ва меҳнат жойи хавфсизлиги
Ишлаб чиқарувчилар маҳсулот сифати ва меҳнат жойи хавфсизлигини ўлчаш учун одатда қуйида таърифланган 3 та асосий кўрсаткичлардан фойдаланадилар. Ушбу кўрсаткичларни кузатиш орқали улар сифат муаммоларини аниқлашлари, жараёнларни такомиллаштиришлари ва ходимлар учун хавфсиз иш муҳитини таъминлашлари мумкин.
Қайта ишлаш даражаси (rework rate) — сифат стандартларига жавоб бериш учун қўшимча ишлов талаб қиладиган маҳсулотларнинг улуши. Бу кўрсаткич ҳам фоизда ўлчанади. Амалиётда қандай қўлланиши мумкинлиги ҳақида бир мисол берамиз. Қурилиш компанияси кўп қаватли уй қурмоқда. Улар қурилишда қайта ишлов бериш даражасини ҳисоблашганда, уни 10% деб топадилар. Қўшимча суриштирув орқали асосий сабаб компания жамоалари ўртасидаги алоқа алмашиш қониқарли эмаслиги маълум бўлади. Шунда компания раҳбарияти янги лойиҳаларни бошқариш дастурини жорий этишга қарор қилади ва мулоқотни яхшилаш учун жамоалар ўртасида мунтазам учрашувлар ўтказишни бошлайди. Ушбу ўзгаришлар амалга оширилгандан сўнг қайта ишлов бериш даражаси 5% гача тушади. Натижада компанияда вазифалар биринчи мартани ўзида тўғри бажарилиш кўпайгани сабабли унинг вақт ва ресурслари тежалади.
Ишлаб чиқаришдаги чиқинди даражаси (scrap rate) — ишлаб чиқариш жараёнларида яроқсиз деб топилган ёки чиқинди сифатида ташлаб юборилган маҳсулотлар сонининг умумий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажмига нисбати орқали аниқланади. Бу кўрсаткич фоизда ўлчаниб, кейинги мисолда практикада қандай фойда беришини кўришимиз мумкин. Бир металл ишлаб чиқарувчи компания авиация саноати учун металл қисмлар етказиб беради. Компания ишлаб чиқариш жараёнида чиқиндилар ҳажми 5% эканлигини аниқлайди. Қўшимча текширув орқали станокларда металл пластиналари уларнинг бир оз силжиши сабабли нотўғри кесилаётганини аниқланади. Компания бошқарувчилари металлни аниқ кесувчи янги станокларга сармоя киритишга ва операторлар учун янги ўқув дастурини ишлаб чиқишга қарор қабул қилишади. Ушбу ўзгаришлар амалга оширилгандан сўнг, чиқиндилар улуши 2% гача пасаяди. Натижада компанияда кўпроқ сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ва хомашё исрофини камайтиришга эришилади.
Меҳнат жойида бахтсиз ҳодисалар рўй бериши даражаси (incident rate) — вақт бирлигидаги бахтсиз ҳодисалар сони. Мисол учун, кимёвий ишлаб чиқарувчи компания фармацевтика саноати учун кимёвий моддалар ишлаб чиқаради. Иш жойи меҳнат хавфсизлиги бўйича жамоаси бахтсиз ҳодисалар сонини ўлчасганда, улар йилига 100 ишчига 0,5 ҳодиса тўғри келишини аниқлайдилар. Таҳлиллар ишчиларга керакли тренингларни йўқлиги асосий сабаб эканлигини кўрсатади. Улар янги ходимларни ўқитиш дастурига сармоя киритишга ва мунтазам иш жойи хавфсизлиги ҳақида учрашувларни ўтказишга қарор қилишади. Натижада бахтсиз ҳодисалар сони йилига 100 ишчига 0,2 ҳодисага тушади ва компанияда ўз ходимлари учун хавфсизроқ иш муҳити таъминланади.
Қоғоз ишлаб чиқариш саноатида қоғозни қайта ишлаш дарахтлардан янги қоғоз ишлаб чиқаришдан кўра самаралироқ ҳисобланади. Чунки қайта ишлаш камроқ сув ва энергия ресурсларини талаб қилади. Шу билан бирга исрофгарчилик ҳам камроқ бўлади. Дарҳақиқат, бир тонна қоғозни қайта ишлаш ўртача 17 та дарахтни, 26 минг литр сувни, 3 куб метр ер майдонини ва 2 баррел нефтни тежаш имконини беради.
Standish Group маълумотларига кўра, IT соҳасида қайта ишлов беришни ўртача даражаси тахминан 25% ни ташкил қилар экан. Бу эса дастурий таъминотни ишлаб чиқиш бўйича барча лойиҳаларнинг чорак қисми кечиктирилишини ва муаммоларни ҳал қилиш учун қўшимча ресурслар талаб қилинишини кўрсатади.
Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, Қўшма Штатларда бахтсиз ҳодисалар даражаси ҳар 100 000 ишчига 3,5 ҳодисани, Европа Иттифоқи мамлакатларида эса 2,2 ҳодисани ташкил қилар экан. Бу ҳодисалар даражасини самарали камайтириш ва хавфсизроқ иш муҳитини яратиш учун турли мамлакатларнинг меҳнат хавфсизлиги қонунларини ва амалиётларини тушуниш муҳимлигини таъкидлайди.
Хом ашё-товарлар захираси ва логистика
Хом ашё-товарлар захираси бошқаруви ва логистикада учта асосий кўрсаткичлар мавжуд. Буларга хом ашё-товарлар захираси айланмаси, буюртмани етказиб бериш муддати ва ўз вақтида етказиб берилган маҳсулотлар улуши киради. Ушбу кўрсаткичларни кузатиш орқали ишлаб чиқарувчилар хом ашё-товарлар омборини оптималлаштиришлари, етказиб берувчилар билан муносабатларни яхшилашлари ва мижозларни эҳтиёжини қондиришлари мумкин.
Хом ашё-товарлар захирасининг айланма сони (inventory turnover) — ишлаб чиқарувчилар ўз хом ашё-товарлар захирасидан қай даражада самарали фойдаланаётганлигини аниқлашга ёрдам беради. Уни сотилган маҳсулотлар таннархини худди шу давр учун захирада сақланган хом ашё-товарларнинг ўртача қийматига бўлиш орқали аниқланади. Амалда қўлланишига бир мисол. Чакана кийим-кечак дўкони ўзининг товарлар захира айланмаси сонини ўлчаганда, бу кўрсаткич йилига 4 марта эканлигини аниқлайди. Маълумотларни таҳлил қилгандан сўнг, улар жуда кўп “секин ҳаракатланувчи” (кам сотиладиган) товарларни захирада сақлашлари маълум бўлади. Шунда дўкон ходимлари кўпроқ “тез ҳаракатланувчи” (кўп сотиладиган) товарларга эътибор қаратиш ва “секин ҳаракатланувчи” товарлар сонини камайтириш орқали ўз захираларини оптималлаштиришга қарор қилишади. Ушбу ўзгаришларни амалга оширгандан сўнг, товарлар захира айланмасини сони йилига 6 мартагача ошади. Натижада дўкон кўпроқ товарларни сотишга ва унинг захирасини тезроқ айлантиришга эришади.
Етказиб бериш вақти (lead time) — маҳсулотга буюртма берилгандан бошлаб, уни қабул қилиб олгунгача қадар кетган вақт. Ишлаб чиқарувчилар бу кўрсаткични пасайтиришга ҳаракат қиладилар, чунки одатда истеъмолчилар маҳсулотларни тезроқ етказиб берилишини хоҳлашади.
Ўз вақтида етказиб берилган маҳсулотлар улуши (on-time delivery) — бу ваъда қилинган етказиб бериш санасида ёки ундан олдин етказиб берилган буюртмаларнинг улуши (фоизда ўлчанади). Ишлаб чиқарувчилар бу кўрсаткични оширишга ҳаракат қиладилар, чунки бу ҳам истеъмолчиларни эҳтиёжини қондиришга, бозорда кўпроқ улушни эгаллашга ва даромадни оширишга ёрдам беради.
Бир тадқиқотга кўра, товарлар захира айланмаси юқори бўлган компаниялар (йилига 6 ёки ундан кўпроқ) товарлар захира айланмаси паст бўлган компанияларга (йилига 4 мартадан кам) нисбатан кўпроқ фойда топар эканлар.
Бошқа бир тадқиқотга кўра, маҳсулотни харидорга етказиб беришнинг ўртача муддати тахминан 8 ҳафтани ташкил қилар экан. Бироқ, баъзи компаниялар “ўз вақтида етказиб бериш” (just-in-time) захира бошқарув тизимини жорий қилиш ва етказиб берувчилар билан муносабатларни яхшилаш орқали етказиб бериш вақтларини 24 соатгача қисқартира олишлари мумкин экан.
Яна бир тадқиқотга кўра, маҳсулотларни ўз вақтида етказиб бериш мижозлар эҳтиёжини қондиришнинг энг муҳим омили бўлиб, нарх ёки маҳсулот сифатидан ҳам муҳимроқ ҳисобланар экан.
Иш кучи унумдорлиги
Унумдорликнинг бу гуруҳида иккита асосий кўрсаткичлар мавжуд. Биринчиси бир ишчи бирон вақт бирлигида қанча миқдорда маҳсулот ишлаб чиқаргани бўлса, иккинчиси битта маҳсулотни ишлаб чиқариш учун иш кучига сарфланган маблағ миқдорини ҳисоблаш орқали ўлчанади. Ушбу кўрсаткичларни кузатиш орқали ишлаб чиқарувчилар меҳнат муаммоларини аниқлашлари, жараёнларни такомиллаштиришлари ва самарадорликни оширишлари мумкин.
Ишчи томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми (output per worker) — вақт бирлигида (соат/кун/ҳафта/ой) ишчи томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот сони. Тажрибада қандай қўллаш учун ушбу мисолни кўриш мумкин. Автомобил эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи корхонада 10 нафар ишчи ва бир маҳсулот йиғиш конвейери мавжуд. Ҳар бир ишчи соатига 50 та автомобил эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариши мумкин. Шундай қилиб, корхонанинг бир ишчисига тўғри келадиган маҳсулот миқдори соатига 50 та автомобил қисмларини ташкил қилади. Ушбу кўрсаткични кузатиш орқали корхона қайси ишчилар кўпроқ ва қайси бирлари камроқ маҳсулот ишлаб чиқараётганини аниқлаши мумкин. Бу маълумот эса корхонага самарадорлик ва унумдорликни оширишда керак бўлган нуқталарни топишга ёрдам беради. Масалан, кимгадир қўшимча тренинглар зарур бўлиши мумкин ёки йиғиш линиясини ишчиларнинг қобилиятларига мос равишда мослаштириш керак бўлиши мумкин.
Битта маҳсулотни ишлаб чиқариш учун ишчи кучига кетадиган харажатлар миқдори (labor cost per unit) — Маҳсулот сифатини таъминлаган ҳолда харажатларни камайтириш, унинг бозорда рақобатдорлигини ва фойда маржасини оширишга ёрдам беради. Бу кўрсаткични қандай қўллаш мумкинлигига яна бир мисол. Футболка ишлаб чиқарадиган фабрика 10 000 дона футболка учун 10 000 АҚШ доллари сарфлайди. Бу дегани, битта футболка ишлаб чиқаришга иш кучига 1 доллар маблағ сарфланади. Ушбу кўрсаткични кузатиш орқали фабрика меҳнат харажатларини камайтириши мумкин бўлган соҳаларни аниқлай олади. Масалан, маълум жараёнларни автоматлаштириш, муайян вазифаларни аутсорсинг қилиш ёки янада самарали ишлаб чиқариш усулларини жорий этиш мумкин. Шунингдек, ушбу кўрсаткич фабрикага ўз маҳсулотларини рақобатбардош нархлашда ва ишлаб чиқариш ҳажми бўйича яхшироқ қарор қабул қилишда ёрдам бериши мумкин. Агар шу мисолда битта футболка бозорда 5 долларга сотилса, унда фабрика ишчиларига кетадиган харажатларни қоплаш учун камида 5 та футболкани сотиши керак бўлади (агар кўпроқ сотилса, ортгани фойдага киради).
Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилоти (OECD) томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, юқори даражадаги маълумот ва тажрибага эга бўлган иш кучида бир ишчига тўғри келадиган ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми маълумоти ва тажрибаси пастроқ иш кучига нисбатан баландроқ бўлар экан. Бу самарадорлик ва унумдорликни ошириш учун ишчиларни ўқитиш ва ривожлантиришга сармоя киритиш муҳимлигини кўрсатади.
Иқтисодий Тадқиқотлар Миллий Бюроси (NBER) томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, кўпроқ малакали иш кучи ва махсус жиҳозларни талаб қиладиган маҳсулотлар учун бир маҳсулотни ишлаб чиқаришга кетадиган иш кучи харажатлари юқорироқ бўлар экан. Шунинг учун ишлаб чиқариш ва меҳнат харажатлари тўғрисида қарорлар қабул қилаётганда турли маҳсулотларнинг ўзига хос талабларини тушуниш муҳим.
McKinsey Global Instituti томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, автоматлаштириш ва илғор технологияларни ўзлаштирган компанияларда бир ишчига тўғри келадиган ишлаб чиқариш ҳажми ўртача 20-25 фоизга ошган. Бу самарадорлик ва унумдорликни ошириш учун автоматлаштириш ва технологияларга сармоя киритиш муҳимлигини англатади.
Истеъмолчининг эҳтиёжини қондириш
Истеъмолчининг эҳтиёжини қондириш даражасини ўлчайдиган учта асосий кўрсаткичлар мавжуд: шикоятлар сони, маҳсулотни қайтарилиш даражаси ва Net Promoter рейтинги. Ушбу кўрсаткичларни кузатиш орқали ишлаб чиқарувчилар истеъмолчиларнинг муаммоларини аниқлашлари, маҳсулот сифатини яхшилашлари ва истеъмолчиларни ўзларининг маҳсулотлари ёки хизматларидан қониқишини оширишлари мумкин.
Шикоятлар сони (customer complaints) — бу вақт бирлигига келиб тушган истеъмолчи шикоятлар сони. Тажрибада қўлланилишига мисол: автомобил ишлаб чиқарувчи компания ўз автомобилларининг тормоз тизими ҳақида истеъмолчилардан бир нечта шикоятларни олади. Компания ҳар ойда келиб тушган шикоятлар сонини кузатишни бошлайди ва муаммонинг асл сабабини текширади. Улар тормоз тизимини етказиб берувчи корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнларидаги муаммолари туфайли охирги ярим йилда етказиб берилган қисмлар сифатсиз эканлиги аниқлагандан сўнг, тезда янги етказиб берувчига ўтишади. Натижада, тормоз тизими ҳақида истеъмолчиларнинг шикоятлари сони сезиларли даражада камаяди.
Қайтарилиш даражаси (return rate) — истеъмолчи томонидан турли сабаблар туфайли ишлаб чиқарувчига қайтарилган маҳсулотлар улуши (фоизда ўлчанади). Ҳар доимгидек тажрибадан бир мисол: онлайн кийим-кечак сотувчи компания уларнинг маълум бир услубдаги шимлари учун қайтарилиш даражаси одатдагидан юқори эканлигини пайқайди. Кейинчалик текширувдан сўнг, улар охирги партиядаги шимларнинг ўлчамлари уларнинг ўлчамлари жадвалига мос келмаслигини аниқлайдилар. Компания шимларнинг қайтарилиш даражасини кузата бошлайди ва маҳсулот етказиб берувчи билан биргаликда ўлчамни яхшилаш чораларини кўради. Шу билан бир қаторда, улар ўз мижозларига муаммо ҳақида хабар беришади ва нотўғри ўлчамни олганларга бепул алмаштиришни таклиф қилишади. Натижада шимларни қайтарилиш даражаси пасаяди ва компания мижозлар эҳтиёжини қондириш даражасини оширади.
Net Promoter Рейтинги (Net Promoter Score ёки NPS) — истеъмолчининг содиқлиги ва маҳсулот ёки хизматни тавсия этишга қанчалик тайёрлигини ўлчайдиган кўрсаткич. Уни қандай қўлланилишида яна бир мисол: ресторанлар тармоғи ўзини Net Promoter рейтингини ўлчаб кузатишни бошлайди ва уларнинг рейтинги кутилганидан паст эканлигини аниқлайди. Компания мижозларнинг фикр-мулоҳазаларини таҳлил қилишни бошлайди ва асосий шикоятлар узоқ кутиш вақти ва ёмон хизмат кўрсатиш билан боғлиқлигини аниқлайди. Улар хизмат кўрсатишни яхшилаш ва кутиш вақтларини қисқартириш чораларини кўрадилар, масалан, кўпроқ ходимларни ёллашади, мавжуд ходимларни ўқитишади ва янги брон (банд) қилиш тизимини жорий этишади. Натижада ресторанлар тармоғининг Net Promoter рейтинги кўтарилади ва бир оз вақт ўтгандан сўнг улар мижозларининг эҳтиёжини қондириш ва бизнесни ўсиш кўрсаткичлари кўтарилганини кузатишади.
Тадқиқотлар аниқлаши бўйича, шикояти бўлган мижозларнинг аксарияти тўғридан-тўғри компанияга шикоят қилишмайди. Аксинча, улар ўз дўстлари ва оилаларига салбий тажриба ҳақида айтиб беришади.
Яна бир тадқиқотни аниқлаши бўйича, маҳсулотни қайтариб берган мижозларнинг ярмидан кўпи келажакда бу компаниядан бошқа харид қилмайди.
Бошқарув бўйича консалтинг хизматларни кўрсатувчи Bain & Company томонидан олиб борилган тадқиқот натижалари Net Promoter рейтингида (0 дан 10 гача бўлган шкала бўйича) 9 ёки 10 балга эга бўлган компанияларнинг ўсиш суръати 6 бал ёки ундан камроқ рейтингга эга бўлган компанияларнинг ўсиши суръати нисбатан ўртача икки баравар кўпроқдир эканлигини аниқлаган.
Атроф-муҳитга таъсир
Энергия истеъмоли, сувдан фойдаланиш ва чиқиндиларни ҳосил қилиш атроф-муҳитга таъсирни ўлчайдиган учта асосий кўрсаткич ҳисобланади. Ушбу кўрсаткичларни кузатиш орқали ишлаб чиқарувчилар экологик муаммоларни аниқлашлари, жараёнларни такомиллаштиришлари ва уларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришлари мумкин.
Энергия истеъмоли (energy consumption) — вақт бирлигида ишлатилган энергия миқдори. Тажрибада қўлланилишига мисол: йирик ишлаб чиқариш заводи ўзининг энергия истеъмолини яқиндан кузатишни бошлагандан сўнг, улар кутилганидан кўра кўпроқ энергия сарфлаётганини аниқлайдилар. Улар энергия истеъмоли аудитини ўтказадилар ва кўп ускуналари оптимал самарадорлик билан ишламаётганини ва ўз вазифаларини бажариш учун зарур бўлгандан кўра кўпроқ электр энергиясини ишлатишларини аниқлайдилар. Кейинчалик завод ускуналарининг энергия самарадорлигини ошириш чораларини кўради. Масалан, энергия тежайдиган ускуналар ўрнатилади, энергияни бошқариш тизими жорий этилади ва ходимлар энергия тежаш бўйича тренингларда ўқитилади. Натижада заводда энергия истеъмоли ва нархининг сезиларли даражада камайишига олиб келади.
Сув истеъмоли (water usage) — вақт бирлигида ишлатилган сув миқдори. Тажрибада қўлланилишига мисол: ичимлик ишлаб чиқарувчи компания ўз сув истеъмолини мониторинг қилишни бошлайди ва кутилгандан кўпроқ сув ишлатилаётганини аниқлайди. Инспекция орқали эски қувурлардаги тешиклар туфайли сувни йўқотаётганликларини ва ўз вазифаларини бажариш учун зарур бўлгандан кўпроқ сув ишлатишларини аниқлайдилар. Шундан сўнг, компания сувдан фойдаланишни камайтириш чораларини кўради. Масалан, қувурлар янгисига алмаштирилади, сувни бошқариш тизими жорий этилади ва суғориш учун сувдан қайта фойдаланиш амалга оширилади. Натижада компанияда сувдан фойдаланиш миқдори ва унга кетадиган харажатларни сезиларли даражада камайганини гувоҳи бўлишади.
Чиқиндиларни ҳосил қилиш (waste generation) — вақт бирлигида ишлаб чиқарилган чиқиндилар миқдори. Тажрибада қўлланилишига мисол: озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи компания чиқиндиларни ўзи кутганидан кўра кўпроқ ишлаб чиқараётганини аниқлайди. Қўшимча текширувлар зарур бўлгандан кўра кўпроқ озиқ-овқат ишлаб чиқараётганликларини ва чиқиндиларни тўғри қайта ишлаш ёки компост қилмасликларини аниқлайдилар. Шундан сўнг компания чиқиндиларни камайтириш дастурини амалга ошириш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва компостлаш, ва ортиқча озиқ-овқатларни маҳаллий озиқ-овқат тарқатадиган жойларга хайрия қилиш каби чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш чораларини кўради. Натижада компанияда чиқиндиларнинг пайдо бўлиши ва унга кетадиган харажатларни сезиларли даражада пасайишини кузатилади.
Халқаро Энергетика Агентлиги (International Energy Agency) маълумотларига кўра, саноат ва ишлаб чиқариш жаҳондаги энергия истеъмолининг қарийб 25 фоизини ташкил қилади. Бу уни энг катта энергия истеъмол қилувчи тармоқлардан бирига айлантиради ва ишлаб чиқаришда энергия самарадорлиги муҳимлигини кўрсатади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (United Nations) маълумотларига кўра, дунёда сувдан фойдаланишнинг қарийб 70% қишлоқ хўжалиги ва саноатга тўғри келади, ишлаб чиқариш эса энг катта сув истеъмол қилувчи тармоқлардан биридир.
Жаҳон Банки маълумотларига кўра, ишлаб чиқариш сектори дунёдаги чиқиндиларнинг тахминан 20 фоизини ишлаб чиқаради. Бу ишлаб чиқаришда чиқиндиларни камайтириш ва бошқариш муҳимлигини, шу орқали харажатлар ва ресурсларни тежаш учун имкониятлар ҳали кўплигини урғулайди.
Молиявий самарадорлик
Активларнинг рентабеллиги, соф фойда маржаси ва пул оқими молиявий натижаларни ўлчайдиган учта асосий кўрсаткичдир. Уларни кузатиш орқали ишлаб чиқарувчилар молиявий муаммоларни аниқлашлари, жараёнларни такомиллаштиришлари ва рентабелликни оширишлари мумкин.
Активларнинг рентабеллиги (return on assets ёки ROA) компаниянинг даромад олиш учун ўз активларидан қанчалик тўғри фойдалана олаётганлигини ўлчайди. У соф даромадни жами активларга бўлиш орқали ҳисобланади. Активларнинг юқори рентабеллиги компаниянинг даромад олиш учун ўз активларидан самарали фойдаланаётганлигини кўрсатади. Масалан, автомобил саноатидаги компания активларининг рентабеллиги 10% бўлса, унинг ҳар бир доллар активлари учун унга 10 цент фойда келтиради.
Соф фойда маржаси (net profit margin) соф фойдани умумий даромадга бўлиш орқали ҳисобланади. Юқори соф фойда маржаси компания даромаднинг ҳар бир доллари учун катта фойда олаётганлигини кўрсатади. Масалан, чакана савдо компанияси 5% соф фойда маржасига эга бўлса, ҳар бир доллар даромад учун компания барча харажатлар тўланганидан кейин 5 цент фойда олади.
Нақд пул оқими (cash flow) — бу компаниянинг молиявий мажбуриятларини бажариш учун мавжуд бўлган пул маблағлари миқдори бўлиб, нақд пул тушумларидан нақд пул чиқимларини айириш орқали ҳисобланади. Амалда қўлланишига мисол: қурилиш компанияси 500 000 АҚШ доллари миқдорида ижобий нақд пул оқимига эга бўлсин. Шунда компания операцион фаолият, инвестициялар ва бошқа молиявий фаолиятлар сабабли мавжуд бўлган нақд пул чиқимига нисбатан кўпроқ нақд пул тушумига эга эканлигини билдиради. Бу ижобий нақд пул тушумини қарзларни тўлаш, янги лойиҳаларга сармоя киритиш ёки акциядорларга дивидендларни тақсимлаш учун ишлатилиши мумкин.
Бошқарув бўйича консалтинг хизматларни кўрсатувчи McKinsey & Company томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, активларнинг рентабеллик (ROA) кўрсаткичи бўйича энг юқори чоракдаги компаниялар анча юқорироқ даражадаги операцион самарадорликка, яхшироқ нарх-наво тайинлаш қудратига ва кучлироқ даромад ўсишига эга бўлишар экан. Бундан ташқари, ушбу компаниялар кўпроқ йўналтирилган бизнес портфелига эга бўлиб, ўсиш имкониятларига кўпроқ стратегик сармоя киритар эканлар.
Яна бир Harvard Business Review томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, юқори активларнинг рентабелликка (ROAга) эга компаниялар кучли корпоратив маданиятга ва ўз ходимлари ўртасида яхши стратегик келишувга эга бўлишади. Шу билан бирга, ушбу компаниялар ресурсларни тақсимлаш ва қарорлар қабул қилиш учун яхшироқ жараёнларга эга бўлишади.
Иқтисодий Таҳлил Бюроси (Bureau of Economic Analysis) маълумотларига кўра, 2020 йилда Қўшма Штатлардаги ишлаб чиқариш компаниялари учун ўртача соф фойда маржаси 6% атрофида бўлган. Фармацевтика ва компютер ишлаб чиқариш каби баъзи соҳаларда юқори даромад маржаси мавжуд бўлса, бошқаларида, масалан, тўқимачиликда ва озиқ-овқат ишлаб чиқаришда фойда маржаси нисбатан камроқ бўлган.
Deloitte томонидан олиб борилган яна бир тадқиқотга кўра, ижобий пул оқимига эга бўлган компанияларда бошқаларга нисбатан инновацион ривожланиш кучлироқ бўлиб, бозорга янги маҳсулот ва хизматларни олиб чиқишда анча устун қобилиятга эга эканлар. Ушбу компаниялар кўпроқ истеъмолчиларга йўналтирилган ва бозор эҳтиёжларини яхшироқ тушунар эканлар.
Юқорида келтирилган самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари сизнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш жараёнларингизни яхшилаш ва такомиллаштиришда муҳим рол ўйнайди. Ишлаб чиқариш самарадорлиги, асбоб-ускуналардан унумли фойдаланиш ва истеъмолчиларнинг эҳтиёжини қондириш каби кўрсаткичларни доимий равишда кузатиб бориш орқали сиз бизнесингиздаги камчиликларни аниқлашингиз ва уни муваффақиятга элтувчи қарорлар қабул қилишингиз мумкин. Шундай экан, ушбу кўрсаткичларни бугундан бошлаб қўллашни бошлаш ва ишлаб чиқариш жараёнингизни янада яхшилаш учун ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, ушбу мақолани саноатни биргаликда ривожлантириш мақсадида ҳамкасбларингиз билан баҳам кўришингизни тавсия қиламиз.
