Мундарижа

Ишлаб чиқариш ускуналарининг самарадорлигини (OEE) ошириш йўллари

Замонавий ишлаб чиқариш корхоналарида ускуналарнинг унумдорлигини ошириш энг муҳим вазифалардан биридир. Бунинг учун саноатда кенг қўлланиладиган “Overall Equipment Effectiveness” (OEE) ёки ускуналарнинг Умумий Самарадорлик Кўрсаткичлари (УСК) деб номланган таҳлилий усулдан фойдаланиш мумкин. Ушбу мақолада биз УСК ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз ва уни амалиётда қўллаш йўлларини кўриб чиқамиз.

УСК — бу ишлаб чиқариш жараёнидаги ускуналарнинг умумий самарадорлигини ўлчайдиган кўрсаткич бўлиб, у уч асосий омилни ҳисобга олади:

  1. Яроқлик (Availability) — ускунанинг режалаштирилган вақтда ишлаш қобилияти.
  2. Унумдорлик (Performance) — ускунанинг ҳақиқий тезлиги ва назарий максимал тезлиги ўртасидаги нисбат.
  3. Сифат (Quality) — ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифат стандартларига мувофиқлиги.

Умумий Самарадорлик Кўрсаткичи = Яроқлик х Унумдорлик х Сифат

Агар ушбу учта кўрсаткич 100% га тенг бўлса, демак ускуна тўлиқ қувватда, максимал тезликда ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқараяпти дегани.

Ускунанинг Умумий Самарадорлик Кўрсаткичи (%) = %Яроқлик х %Унумдорлик х %Сифат = (Б/А) х (Д/C) х (Ф/Е)
Ускунанинг Умумий Самарадорлик Кўрсаткичи (%) = %Яроқлик х %Унумдорлик х %Сифат = (Б/А) х (Д/C) х (Ф/Е)

Яроқлик йўқотишларга ускунанинг кутилмаганда бузилиши ёки уни қайта ишга туширилиш вақтлари, унумдорлик йўқотишларга ишлаб чиқариш жараёни тезлигининг секинлашуви ёки ишчиларнинг қисқа танаффуслари мисол бўла олади. Сифат категориясига эса берилган вақт оралиғида барча ишлаб чиқарилган маҳсулотдан топилган дефектлар киради.

Кичик мисол: яроқлик 50%, унумдорлик 70% ва сифатли маҳсулот бўлаги 95% бўлса, унда ишлаб чиқариш ускунанинг умумий самарадорлик кўрсаткичи 33% га тенг бўлади (0.5×0.7×0.95). Бу миқдор кам ёки кўплигини билиш учун қуйидаги саноатда қабул қилинган стандарт кўрсаткичлари билан солиштириш мумкин.

Умумий Самарадорлик Кўрсаткичини (УСК) саноатдаги нисбий стандарти
Умумий Самарадорлик Кўрсаткичини (УСК) саноатдаги нисбий стандарти

Мижозлар талаби бўлмаган вақтда юқори УСК ортиқча ишлаб чиқаришга олиб келиб, зарур бўлмаган сарф-харажатларга (омборда сақлаш, транспортда ташиш, маҳсулотни кутиш) сабаб бўлади. Шу сабабдан УСК кўпинча самарадорликни оширмоқчи бўлинганда ўлчанилади. Масалан, ишлаб чиқариш линиясининг тор жойи (узкое место / bottleneck) бутун тизимни секинлаштиради. Агар шу тор жойнинг умумий самарадорлик кўрсаткичи яхшиланса, бутун тизимнинг яхшиланишига олиб келади. Қуйидаги расмда кўрсатилганидек, агар 1-жараёнда УСК юқори бўлса, кейинги жараёнларда материал тирбандлиги пайдо бўлишини кўриш мумкин. Агар 4-жараённинг УСКси юқори бўлса, материалларга “чанқоқлик”ни кузатиш мумкин.

Ишлаб чиқариш линиясининг тор жойи (3-жараён) туфайли материалларни тирбандлиги келиб чиқиши
Ишлаб чиқариш линиясининг тор жойи (3-жараён) туфайли материалларни тирбандлиги келиб чиқиши

Яна бир УСКга чамбарчас боғлиқ бўлган ўлчовлардан бири – ускуналарнинг умумий самарадорлиги (Total Effective Equipment Performance - TEEP) кўрсаткичидир. УСК миқдори фақат режалаштирилган иш соатларига нисбатан қўлланилса, бу ўлчов календар соатларига нисбатан ҳисоблайди. Масалан, унинг 100% га етиши ишлаб чиқариш жараёни кунига 24 соат, йилига 365 кун, 100% юклаш (нагрузка) ва 100% УСК билан бажарилганлигини англатади.

УСК ишлаб чиқариш бошқарувчилари учун жуда фойдали ўлчов воситаси бўлишига қарамай, заводнинг ишчилари учун бу бироз мавҳум бўлиши мумкин. Уларга реал вақтда осон талқин қилинадиган ва мотивация берадиган мақсадлар берилганда энг яхши натижаларга эришиш мумкин. Мисол учун, қуйидаги ўлчовлар шулар жумласидан бўлиши мумкин:

  • Режалаштирилган ишлаб чиқариш маҳсулотлар сони
  • Ҳақиқий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сони
  • Самарадорлик (режалаштирилган маҳсулот сонини ҳақиқий маҳсулот сонига нисбати; фоиз ҳисобида ишлаб чиқариш ҳажми қанча олдинда ёки орқада)
  • Ускуналарнинг ишлатилмай туриб қолган вақти (сменада тўпланган режадан ташқари тўхташ вақти реал вақт режимида янгиланади; бу ишлаб чиқариш жараёнини яхшилашни асосий йўналишига катта эътиборни қаратади).

Типография раҳбари ишлаб чиқариш қуввати харидорларнинг талабини қондира олмаётганига шикоят қилди. Унинг фикрича, қўшимча типографияга жой олиб чоп этиш ускуналар сотиб олиш билан бу муаммони ҳал қилиш мумкин экан. Кеча сиз ушбу типографияга бориб қуйидаги маълумотларни олдингиз.

Берилган маълумотлар:

  • Иш куни: 8 соат = 480 дақиқа
  • Ҳақиқий иш вақти: 420 дақиқа
  • Бир дақиқада чоп этиладиган дафтарлар сони: 10 дона
  • Жами чоп этилган дафтарлар: 2200 дона
  • Яроқсиз дафтарлар: 162 дона
  1. Яроқликни ҳисоблаш: %Яроқлик = 420 / 480 = 0.875 ёки 87.5%

  2. Унумдорликни ҳисоблаш: %Унумдорлик = (10 х 2200) / 420 = 52.38%

  3. Сифатни ҳисоблаш: Сифатли маҳсулот = 2200 - 162 = 2038 дона. %Сифат = 2038 / 2200 = 0.9264 ёки 92.64%

  4. УСКни ҳисоблаш: УСК = 0.875 х 0.5238 х 0.9264 = 0.4251 ёки 42.51%

Демак, типографиядаги чоп этиш ускунасининг умумий самарадорлиги атиги 42.51% экан. Бу жуда паст кўрсаткич.

Тавсиялар:

  • Биринчи навбатда, ускунанинг яроқлиги ва айниқса унумдорлигини оширишга эътибор қаратиш лозим. Бунинг учун ускунани техник жиҳатдан кўрикдан ўтказиш, профилактик таъмирлаш ишларини ўз вақтида бажариш ва операторларнинг малакасини ошириш тавсия этилади.
  • Шунингдек, маҳсулот сифатини яхшилаш ҳам муҳим. Бунинг учун хомашёни танлаб олиш, жараён параметрларини оптималлаштириш ва сифат назоратини кучайтириш керак бўлади.
  • Фақатгина мавжуд ускунанинг самарадорлигини оширгандан сўнг, қўшимча ускуна харид қилиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, ускуналарнинг УСК кўрсаткичи ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини баҳолаш ва такомиллаштириш учун жуда фойдали восита ҳисобланади. Уни жорий этиш ва мунтазам мониторинг қилиш орқали корхоналар ўз рақобатдошлигини сезиларли даражада оширишлари мумкин. Юқоридаги масала ечимидан кўриниб турибдики, янги ускуна сотиб олишдан аввал мавжуд ускуналар самарадорлигини оширишнинг имкониятларини тўлиқ ишга солиш мақсадга мувофиқдир.

Телеграм канал
Агар ушбу мақола сизга фойдали бўлган бўлса, уни ҳамкасбларингиз ва дўстларингиз билан улашинг. Тежамкор ишлаб чиқариш, лойиҳа бошқаруви, таъминот занжирлари, самарадорлик ва шахсий ривожланиш мавзуларида кўпроқ маълумот олиш учун бизнинг “Микроблог” Телеграм каналимизга аъзо бўлинг.

Искандар Махмудов

Искандар Махмудов

🔧 Саноат муҳандиси ва консультант | 💼 15+ йиллик халқаро тажриба | 📈 Бизнес самарадорлиги | 🌐 https://makhmudov.net | Telegram: @leanuz