Мундарижа

Boeing инқирози: Аутсорсинг стратегияси ва ишлаб чиқаришда сифатнинг ўрни

2024 йил 5 январда Alaska Airlines 1282-рейси бортидаги 171 нафар йўловчи триллер кинофильмларидан олинган сценарийдек воқеага дуч келишди. Парвоз бошланганидан 10 дақиқа ўтмай, ердан тахминан 4900 метр баландликда учиб кетаётган Boeing 737 Max 9 самолётининг чап бортидан фавқулодда қўлланиш учун мўлжалланган орқа эшик қопқоғи кутилмаганда узилиб, ташқаридаги очиқ ҳавога учиб кетди ва самолёт бортида катта тешик ҳосил бўлди. Йўловчиларнинг омадига, самолёт бошқа муаммоларсиз тезда Портланд Халқаро Аэропортига қўнишга муваффақ бўлди.

Бир неча кундан сўнг, Boeing акцияларининг қиймати биржада 7 фоизга (12 миллиард доллар) тушиб кетди, шу турдаги 170 дан кўп самолётнинг АҚШда учиши вақтинча тўхтатилди, баъзи йўловчилар ўз манзилларига етиб бора олишмади ва компания обрўсига жиддий зарар етди. Текширув натижалари қандай бўлишидан қатъи назар, Boeing йўловчиларнинг Max оиласига бўлган ишончини қайта тиклаш учун қаттиқ кураш олиб боришига тўғри келади.

Самолётнинг орқа эшик жойлашуви
Самолётнинг орқа эшик жойлашуви

Маълумот
Американинг Boeing 737 Max самолётлари Европанинг Airbus компаниясининг A320neo самолётлар оиласи билан ёқилғи тежамкорлиги бўйича бозорда рақобатлашиш учун яратилган. 2023 йил декабрь ҳолатига кўра, 11660 та Boeing 737 самолёти сотилган бўлиб, улардан 1420 таси Boeing 737 Max варианти етказиб берилган (яна 4783 таси буюртмада).

2024 йил январидаги бу воқеа Boeingнинг энг машҳур самолёти ва тижорат самолётлари бизнесидаги энг катта даромад манбаи бўлган Boeing 737 Max га яна бир бор ҳамма эътиборни қаратди. Чунки унинг кичикроқ варианти Boeing 737 Max 8 самолёти Lion Air ва Эфиопия авиакомпанияларида 2018 йил октябрь ва 2019 йил мартдаги икки авиаҳалокатда 346 кишининг ҳаётига зомин бўлган эди. Натижада, бу турдаги самолётларнинг учиши тижорат авиацияси тарихидаги энг узоқ муддатга — 20 ойга бутун дунё бўйлаб тўхтатиб қўйилган эди.

Текширувлар самолёт дизайни ва дастурий таъминотида жиддий хатолар мавжудлигини аниқлади. Самолётнинг тумшуғидаги учиш бурчагини ўлчаш учун ишлатиладиган сенсор фақат битта бўлган. Агар сенсор бирор сабаб билан ишламай қолса (масалан, қушлар билан тўқнашув), орқа қанотларни бошқарувчи MCAS (Maneuvering Characteristics Augmentation System) тизимига нотўғри маълумот кириб бориши мумкин. Агар 10 сония ичида пилотлар бунга тўғри реакция қилишмаса, нотўғри сенсор маълумотлари ва яратилган дастурий таъминот самолётни ерга қулашига олиб келиши мумкин эди. Бундан ташқари, янги самолётнинг сотувига салбий таъсир қилмаслик учун Boeing компанияси 737 Max самолётини бошқариш учун пилотларнинг қўшимча вақт ва харажатлар талаб қиладиган махсус тренажёрда ўқиш шарт эмаслигини таъкидлаган. Пилотлар MCAS тизимининг мавжудлиги ҳақида умуман хабардор бўлмаганлар.

Бир томондан, Boeing компанияси бозордаги рақобатда устунликка эришиш ва акциядорларига кўпроқ даромад келтириш учун янги самолётларни жаҳон бозорига тезроқ олиб чиқишга мажбур бўлса-да, бошқа томондан, бундай ёндашув маҳсулот сифатига қараганда ишлаб чиқариш рақамларига кўпроқ эътибор қаратишга олиб келади ва инсонлар ҳаётини хавф остига қўяди.

The Seattle Times нашрининг таъкидлашича, Boeing’нинг сўнгги йиллардаги тушкунлиги 25 йил олдин раҳбарият томонидан қабул қилинган қарорлар билан боғлиқ. Улар “ишчиларни эзиш, акциялар нархини ошириш ва молиявий кўрсаткичларни биринчи ўринга қўйиш” фалсафасини танладилар. Бу эса “харажатларни имкон қадар қисқартириш, аммо бунинг оқибатларини тўлиқ англамаслик” эди.

Акциядорлар манфаатини биринчи ўринга қўйиш Boeing раҳбарияти узоқ йиллар давомида акциядорларга дивиденд тўлаш ва акцияларни қайта сотиб олиш учун 68 миллиард долларни сарфлади. Шу билан бирга, келажакдаги янги самолётларга етарли сармоя ажратилмади.

Шунингдек, Boeing’да ишлаб чиқариш менежерлари учун йиллик бонуслар асосан харажатлар ва жадвалга риоя қилишга боғланган эди. Шу сабабли, ишлаб чиқариш линиясини тўхтатиш жиддий хато ҳисобланган. Энди эса компания раҳбарияти “сифат ва хавфсизлик биринчи ўринда туриши керак”, деб ҳисобламоқда.

Boeingнинг самолёт йиғиш заводи
Boeingнинг самолёт йиғиш заводи

Ҳозирги кунда Boeing самолётларининг тахминан 70 фоизи ташқи қисмлар етказиб берувчилар томонидан ишлаб чиқарилади. Бу стратегия компанияга харажатларни камайтириш, асосий компетенцияси — самолётларни йиғиш ва интеграция қилишга эътибор қаратиш ҳамда ташқи қисмларни етказиб берувчиларнинг билим ва тажрибасидан фойдаланиш имконини беради. Аммо бу ёндашув қисм етказиб берувчиларни Boeingнинг барча молиявий ва техник шартларига кўнишга мажбур қилади. Бу эса молиявий харажатларни жиддий қисқартиришга, қисм етказиб берувчиларнинг фойдаси камайишига ва маҳсулот сифатининг пасайишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, Boeing учун қисм етказиб берувчиларнинг ишлаб чиқариш жараёнларини назорат қилиш имконияти ҳам қийинлашади.

Boeing 737 Max 9 самолётининг ерда топилган орқа эшиги
Boeing 737 Max 9 самолётининг ерда топилган орқа эшиги

Мақолани юқорида тилга олинган самолётнинг орқа эшиги қопқоғи билан боғлиқ ҳодисага қайтадиган бўлсак, мутахассисларнинг фикрича, бу воқеа маҳсулот дизайнидаги камчилик эмас, балки ишлаб чиқаришдаги нуқсонлар натижасида юзага келган. Самолётнинг фюзеляжини деярли 20 йилдан бери Канзас штатидаги Уичита шаҳрида жойлашган Spirit AeroSystems компанияси Boeingга етказиб беради. Миллий транспорт хавфсизлиги кенгашининг дастлабки текширувлари учиб кетган эшикни маҳкамлаш учун ишлатиладиган 4 та асосий болтнинг йўқлигини аниқлади. Кейинчалик маълум бўлишича, самолёт эшиги Boeingнинг Вашингтон заводига шикастланган ҳолда етиб келган ва Boeing жамоаси томонидан таъмирланганда, болтларни қайта ўрнатишни унутиб қўйишган. Кейинчалик Alaska Airlines авиакомпанияси ўзининг кўплаб Boeing 737 Max 9 самолётларида “бир нечта бўшаб қолган болтлар” топилганини маълум қилди. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнида сифатни таъминлаш ва назорат қилишга етарлича эътибор берилмаганлигини кўрсатади. Сўнгги хабарларга кўра, Boeing компанияси раҳбариятида ўзгаришлар эълон қилиниб, Бош директор Дейв Калхун 2024 йил охирида лавозимини тарк этади. У 2020 йил январда Boeing 737 Max 8 самолётларининг икки ҳалокатидан кейин компанияни инқироздан чиқариш учун бош директор лавозимига келган эди, аммо 4 йил давомида у компания қийматини 43 фоизга тушириб юборди, рақиб Airbus эса шу даврда 20 фоизга ўсди. Boeing Commercial Airplanes раҳбари Стен Дил зудлик билан ишдан бўшатилди ва яқин орада компания директорлар кенгаши раиси Ларри Келлнер ҳам алмаштирилиши маълум бўлди. Шунингдек, Boeing компанияси Spirit AeroSystems билан уни тўлиқ қўлга киритиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Якун ясаб айтганда, Boeing компанияси аутсорсинг стратегиясини қўллаш орқали рақобатбардошликни ошириш ва харажатларни камайтириш имкониятига эга бўлади. Аммо бу ёндашув қисм етказиб берувчилар томонидан ишлаб чиқарилган қисмлар сифатини назорат қилишни қийинлаштириши ва потенциал хавфларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун, компания қисм етказиб берувчилар билан яқин ҳамкорлик қилиши, ишлаб чиқариш жараёнларини яхшилаши ва маҳсулот сифатини таъминлаш учун қатъий назорат ўрнатиши лозим. Фақатгина шу йўл билан Boeing ўз брендига бўлган ишончни тиклаши, йўловчилар хавфсизлигини кафолатлаши ва авиация саноатидаги етакчи ўрнини сақлаб қолиши мумкин. Замон талаблари шиддат билан ўзгариб бораётган бир пайтда, компаниялар узоқ муддатли муваффақиятга эришиш учун сифат ва хавфсизликка устувор аҳамият қаратишлари шарт.

Телеграм канал
Агар ушбу мақола сизга фойдали бўлган бўлса, уни ҳамкасбларингиз ва дўстларингиз билан улашинг. Тежамкор ишлаб чиқариш, лойиҳа бошқаруви, таъминот занжирлари, самарадорлик ва шахсий ривожланиш мавзуларида кўпроқ маълумот олиш учун бизнинг “Микроблог” Телеграм каналимизга аъзо бўлинг.

Искандар Махмудов

Искандар Махмудов

🔧 Саноат муҳандиси ва консультант | 💼 15+ йиллик халқаро тажриба | 📈 Бизнес самарадорлиги | 🌐 https://makhmudov.net | Telegram: @leanuz