Мундарижа

5S тизими: Тартиб, интизом ва самарадорлик гарови

Тежамкор ишлаб чиқариш* воситаларидан бири сифатида 5S нафақат иш жойини тартибга солишда, балки иш унумдорлиги, хавфсизлиги ва сифатини ошириш ҳамда умумий харажатларни камайтириш учун ҳам қўлланилади. 5S тушунчаси япон тилидан келиб чиққан бўлиб, қуйидаги 5 та сўзнинг қисқартмасидир:

  • Seiri (Саралаш)
  • Seiton (Тартибга келтириш)
  • Seiso (Тозалаш)
  • Seiketsu (Стандартлаштириш)
  • Shitsuke (Барқарорлаштириш)

* Инглиз тилида “lean manufacturing”, рус тилида “бережливое производство”

Seiri босқичида иш жойидаги барча буюм ва жиҳозлар кундалик ишда зарур ва зарур бўлмаганларига ажратилади. Бунинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • Буюмлар сонини камайтириш орқали уларни қидиришга кетадиган вақт исрофини қисқартириш;
  • Ишдан чалғиш имкониятларини камайтириш;
  • Иш жойини визуал назоратини осонлаштириш;
  • Ортиқча ашёларни олиб ташлаш ҳисобига фойдали иш майдонини кенгайтириш;
  • Керакли нарсаларга тўсқинлик қилувчи буюмларни бартараф этиб, иш жойи хавфсизлигини ошириш.

Қўлланилиши: Иш жойидаги барча буюмлар синчковлик билан текширилади ва уларнинг жойлашуви фойдали ёки кераксизлиги баҳоланади. Кераксиз нарсалар иложи борича тезроқ олиб ташланади. Дарҳол олиб ташлаш имкони бўлмаган буюмлар “қизил ёрлиқлар” билан белгиланиб, кейинчалик олиб ташлаш осонлаштирилади. Ишлаб чиқариш учун зарур материаллардан ташқари, иш майдони бошқа материаллардан тозаланиши лозим.

Seiton босқичида сараланган барча жиҳозлар учун иш жойида оптимал жойлашув аниқланиб, белгиланади. Бу эса ходимларнинг керакли буюмларни тез топишига ёрдам беради ва иш жараёнини сезиларли даражада енгиллаштиради, ходимларнинг унумдорлик кўрсаткичи ошади.

5S ни қўлланилишига мисол
5S ни қўлланилишига мисол

Қўлланилиши: Иш дастгоҳлари жойлаштирилаётганда, зарур асбоб-ускуналар ва жиҳозлар бир-бирига яқин, ишлатиш частотасига қараб мантиқий тартибда жойлаштирилса, ходимлар учун қулай бўлади. Масалан, тез-тез ишлатиладиган буюмларни иш дастгоҳига энг яқин, топиш ва олиш осон бўлган жойда сақлаш мақсадга мувофиқ. Белгиланган жойлар рангли этикеткалар (ёрлиқлар) ва белгилар билан таъкидланиб, ишлатилган жиҳозларни тўғри жойига қайтариш ва йўқолган буюмларни аниқлаш осонлашади.

Seiso иш жойи, барча дастгоҳлар ва жиҳозларни доимо тоза сақлашни назарда тутади. Бу оддий туюлса-да, дастлаб унга мунтазам амал қилиш кўпроқ эътибор талаб қилиши мумкин. Тозалаш жараёнида жиҳозларни текшириш улардаги носозликларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш имконини беради.

Қўлланилиши: Тозалаш кундалик ишнинг ажралмас қисмига айланиши керак. Бунга жавобгар шахсларни тайинлаш, тозалаш жадвалини тузиш ва ходимларни керакли тозалаш воситалари билан таъминлаш ёрдам беради.

5S ишлаб чиқаришда
5S ишлаб чиқаришда

Seiketsu босқичида юқорида айтиб ўтилган 3 та S-га тегишли жараёнлар стандартлаштирилади. Уларни амалга ошириш учун аниқ процедуралар ишлаб чиқилади ва уларнинг қўлланилишини назорат қилиш мақсадида мунтазам аудитлар ўтказилади. Процедураларни ходимлар учун тушунарли қилиш учун визуал маълумотлар ва иш жойи тренингларидан фойдаланиш самарали усул ҳисобланади.

5S офисда
5S офисда

Shitsuke босқичи амалга оширилган жараён такомиллаштиришларининг барқарорлигини таъминлаш учун зарур чора-тадбирларни ўз ичига олади. Бунга аудитлар, тренинглар ва ижобий рағбатлантириш каби усуллар киради.

5S тизимини жорий этиш ва ривожлантириш орқали корхоналар қуйидаги натижаларга эриша олади:

  • Иш унумдорлиги ва сифатининг ошиши;
  • Хавфсизлик даражасининг яхшиланиши;
  • Харажатларнинг камайиши;
  • Ходимлар кайфияти ва мотивациясининг ошиши;
  • Мижозлар мамнуниятининг ортиши.

Шуни таъкидлаш лозимки, 5S тизимининг муваффақияти унга барча ходимларнинг жалб қилиниши ва раҳбарият томонидан қўллаб-қувватланишига боғлиқ. Доимий такомиллаштириш маданиятини яратиш ва 5S тамойилларига содиқлик ҳар бир ходимнинг кундалик вазифасига айланиши керак. Бундай ёндашув орқалигина 5S тизими ўзининг тўлиқ самарасини беради ва корхонанинг узоқ муддатли муваффақияти учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Телеграм канал
Агар ушбу мақола сизга фойдали бўлган бўлса, уни ҳамкасбларингиз ва дўстларингиз билан улашинг. Тежамкор ишлаб чиқариш, лойиҳа бошқаруви, таъминот занжирлари, самарадорлик ва шахсий ривожланиш мавзуларида кўпроқ маълумот олиш учун бизнинг “Микроблог” Телеграм каналимизга аъзо бўлинг.

Искандар Махмудов

Искандар Махмудов

🔧 Саноат муҳандиси ва консультант | 💼 15+ йиллик халқаро тажриба | 📈 Бизнес самарадорлиги | 🌐 https://makhmudov.net | Telegram: @leanuz